Бугунги кунда Наманганда жами 913 мегаватт генерация қуввати мавжуд. Сўнгги уч йилда электр истеъмоли 24 фоизга ўсган ва бу давом этади.
Шу боис вилоятда жами қиймати 1,1 миллиард доллар, қуввати 1 минг 228 мегаватт бўлган учта мажмуа лойиҳалаштирилди. Булар гидроэлектр станциялар каскади ҳамда иккита қуёш электр станциясидир.
«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти 434 миллион доллар эвазига Уйчи тумани, Норин дарёсида 228 мегаваттли 6 та ГЭС каскадини қуради. Бунинг натижасида йилига 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 310 миллион метр куб газ иқтисод қилинади, 430 минг хонадонга электр узатилади.
Ушбу ГЭС тўлиқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ускуна ва технологиялар ҳисобига қурилади. Яъни у мамлакатдаги “биринчи миллий ГЭС” бўлади.
Поп туманида Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси томонидан 500 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси қурилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 350 миллион доллар бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 95 миллион киловатт-соатни ташкил этди.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen Group Holding Limited” компанияси билан ҳамкорликдаги қуёш электр станцияси ҳам Попда қурилади. Унинг ҳам қиймати 350 миллион доллар, қуввати 500 мегаватт бўлади.
Жорий йил охиригача мазкур станцияларни тармоққа улаш режалаштирилган.
Маросимда Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур йирик энергетика лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.
Мазкур лойиҳалар натижасида Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2141 мегаваттга етади. Йиллик 7,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоятнинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард кВт соатлик талабини тўлиқ қоплайди. Ортган 30 фоиз электр Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади.
Шу йили яна 14 та қуёш ва шамол станцияси қурилиши доирасида тармоққа 2,6 ГВт қувват уланади.