Ссылки доступа

Суд қарори билан “Крокус”га ҳужумда гумонланганлар ҳибсга олинди


Москванинг Басманний тумани суд 25 мартга ўтар кечаси “Крокус Сити Холл” концерт залига қуролли ҳужумда айбланаётган тўрт кишини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

Мазкур ҳужум натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 137 киши ҳалок бўлган, 182 киши жароҳатланган. Далержон Мирзоев, Муродали Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридунийга терроризм айблови бўйича умрбод қамоқ жазоси хавф солмоқда. Уларга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилашга оид суд мажлиси ёпиқ тарз ўтказилган.

Гумонланувчилар Басманний суди мажлислар залига калтакланган ҳолда етказилган. Мирзоевнинг бўйнида унинг юзини ёпиш учун ишлатилган пластик халта парчалари бўлган. Ражабализодани қўлга олишда унинг қулоғи кесиб ташланган. Суд залидан олинган суратларда бошининг бу томони кўрсатилган эмас. Суд Мирзоев ҳам, Ражабализода ҳам айбига иқрор бўлганини билдирган.

Икки гумонланувчи рус тилини билмагани учун уларга таржимон берилган. Терговчилар тергов сирига ҳамда маҳкама жараёни иштирокчилари ва уларнинг яқинлари хавфсизлигига риоя қилиш зарурати важи билан судни ёпиқ тартибда ўтказишни сўраган.

Суднинг очиқ тартибда ўтказилган қисмидан 32 ёшли Мирзоев Россияга келганидан кейин Новосибирскда қайддан ўтгани маълум бўлган. У уйланган, тўртта боланинг отасидир. Ражабализода эса 30 ёшда экани, уйлангани ва бир фарзанди борлигини айтган.

Шамсиддин Фаридуний судда 25 ёшга киргани, хотини борлиги, Москва вилоятининг “Крокус Сити Холл” жойлашган Красногорск шаҳрида қайдда туришини маълум қилган. Паркет фабрикасида ишлаб келган бу йигитнинг ҳам саккиз ойли боласи бор. Саволларнинг кўпига у таржимон ёрдамисиз жавоб берган.

Аввалроқ Россия Телеграм-каналларида оёқ-қўли боғланган Фаридунийнинг сўроқ қилингани акс этган видеоси пайдо бўлган эди. Ўша видеода у қотиллик содир этиши учун унга 500 минг рубль таклиф қилинганини айтган эди. Кейинроқ унинг муҳтамалан ток ёрдамида қийноққа солинаётгани акс этган фотосурат пайдо бўлган эди.

Тўртинчи гумонланувчи - 19 яшар Мухаммадсобир Файзов суд залига ғилдиракли замбилда олиб келинган. Суд мажлисидан аввал у реанимацияда бўлган, у ўша ернинг ўзида сўроққа тутилган. Қўлга олиш чоғида унинг кўз чаноғига шикаст етказилган. Иддаога кўра, у қуролли қаршилик кўрсатган.

У Ивановодаги сартарошхонада ишлаган. Аввалроқ Файзов шаҳардаги таниқли сартарошлардан бири бўлгани хабар қилинган эди. Эҳтиёт чорасини белгилаш тўғрисидаги суд мажлисидан судья гумонланувчига ҳамроҳлик қилиб келган врачларни ҳам чиқариб юборган.

Тергов гумонланувчиларни жиноятга ундаган сабабларни очиқлаган эмас. Аввалроқ “Ислом давлати” террор ташкилоти “Крокус Сити Холл”га ҳужумни ўзига қарашли одамлар уюштирганини билдирган. Ҳодисага алоқадорликда гумонланиб жами 11 киши ушланган. Қўлга олинганларнинг қолганлари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG