Ссылки доступа

30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар Қирғизистон президентидан “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунга вето қўйишни сўрамоқда


Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар Қирғизистон президенти Садир Жапаровни 14 март куни парламент қабул қилган “хорижий вакиллар тўғрисида"ги қонунга вето қўйишга чақирмоқда.

Ушбу ташкилотлар номидан баёнот берган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (ИҲХҲ) таъкидлашича, ушбу қонун нафақат уюшмалар эркинлигига путур етказади ва ННТлар мустақиллигига раҳна солади, балки фаол ва шижоатли қирғиз фуқаролик жамиятининг таг томирига ҳам болта уради.

Баёнотга имзо чеккан Норвегия Хелсинки қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ва 20 дан ортиқ бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг фикрича, Қирғизистон президенти ўз вето ҳуқуқидан фойдаланиб ушбу қонунни рад этиши лозим.

Аввалроқ Европа Иттифоқи делегацияси ҳамда Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари ҳам ушбу қонун борасидаги хадикларини изҳор қилганди.

Уларнинг қўшма баёнотида мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ЕИ ва бошқа халқаро донор ташкилотларнинг Қирғизистонда ҳамкорлик бўйича ўз фаолиятини амалга оширишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилган.

Қирғизистон парламенти 14 март куни учинчи ўқишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

“Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси даставвал 30 дан зиёд депутат ташаббуси билан кўтариб чиқилган, лекин кейинроқ ҳужжат танқидга учрагач, депутатларнинг бир қисми лойиҳа остига ўз имзосини қўйишдан воз кечган. Қонун лойиҳаси кўпроқ унинг асосий муаллифи бўлган депутат Надира Нарматова томонидан олға сурилмоқда. Қирғизистон учун бундай қонун ўта зарурлигини айтган Нарматова мамлакатдаги ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ҳар йили ўз лойиҳалари учун хориждан грант маблағлари олаётганлари, бироқ бу пулларни нималарга сарфлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этмаётганлари ҳақида бир неча бор гапирган эди.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, фаоллар ва халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор танқид қилинган. Улар қонун лойиҳаси фақат нотижорат ташкилотлари учунгина хатарли эмаслиги, қонун қабул қилинса, бу Қирғизистондаги кўплаб нотижорат ташкилотларининг ёпилиши ва халқаро донорларнинг кетишига сабаб бўлишини қайд этишган.

Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International сингари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ЕХҲТ вакиллари ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотлари парламент депутатларига мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмаслик чақириғи билан чиқишган.

БМТнинг Қирғизистондаги доимий координатори Анте Граве ҳам қонун юзасидан хавотир билдирган. Ўз баёнотида у қонун фуқаролик жамияти фаолиятида асоссиз чекловларга олиб келиши, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш йўлидаги ютуқларга раҳна солиши мумкинлигини таъкидлаган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши юзасидан ўз хавотирини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ёзган хатида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG