Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати афғонистонликларни Қозоғистон орқали Европага олиб ўтишнинг ноқонуний каналини аниқлади.
Чегара хизматининг матбуот хизмати хабарига кўра, Олмаотада “мансабдор шахсга беш минг АҚШ доллари миқдорида пора бераётганда” Афғонистоннинг тўрт фуқароси қўлга олинган.
Бу пул Испания ва Португалиянинг сохта паспортларидан фойдаланган ҳолда афғонистонликларни Олмаота аэропорти орқали Россия ва Европага учиб кетишини таъминлаш учун берилаётган бўлган.
Ҳозирда “ноқонуний миграцияни ташкил этиш” ва “пора бериш” моддалари бўйича терговга қадар текширув бошланган. Суднинг санкцияси билан ушланган афғонистонликларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов сири важи билан бошқа ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Афғонистонликларни Испания ва Португалиянинг сохта паспортларидан фойдаланган ҳолда Олмаота аэропорти орқали Европага чиқиб кетишини таъминлайдиган канал фаолияти тўхтатилди.