Ссылки доступа

Арманистоннинг қарийб барча банклари “Мир” картасини қабул қилишни тўхтатади


2024 йилнинг 30 мартидан Арманистонда ВТБнинг арман филиалидан ташқари барча банклар Россиянинг “Мир” картасини қабул қилишни тўхтатади. Бу ҳақда РБК нашри “ВТБ Армения” вакили ва Россия тўлов бозоридаги манба сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

РБК маълумотига кўра, “Мир” картаси Арманистондаги барча банклар банкоматлари ва POS-терминалларида ишламай қўяди. Россия Марказий банки ва “Мир” тўлов тизими оператори вакиллари карталарни қабул қилиш бўйича ҳар бир мамлакат мустақил қарор қабул қилиши, улар томонидан карталардан фойдаланишга бирор чеклов йўқлигини айтишган.

2024 йилнинг февраль ойида Россия Тўлов карталари миллий тизими АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган ва бунга тизимнинг Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бораётган “Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ва халқаро молия тизим билан алоқани сақлаб қолишда кўмаклашаётгани” асос ўлароқ келтирилган. Санкцияга йўлиққан ширкат билан ҳамкорлик бу ташкилотларнинг ўзларига қарши иккиламчи санкциялар жорий этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Тўлов карталари миллий тизими 2014 йили Россия томонидан Қрим аннексия қилингани туфайли санкциялар киритилганидан кейин халқаро тўлов тизимлари карталари ўчириб қўйилиши эҳтимолига қарши тузилган эди.

“Мир” тизимининг илк карталари 2015 йили чиқарилган. Арманистон банклари уларни 2017 йилдан қабул қила бошлаган. Арманистондан ташқари “Мир” картасидан Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Въетнам, Венесуэла ва Кубада фойдаланиш мумкин эди. АҚШ санкциялари жорий қилинганидан кейин “Мир” картасини қабул қилишдан бош тортишлар бошланган.

XS
SM
MD
LG