Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида яшовчи эр-хотин икки нафар қизини Бўка туманида яшовчи синглиси Н.И. қарамоғига ишониб топширган ва Россияга ишлагани кетган. Ота-онаси хорижда ишлаб юрганда, болалар ҳар куни калтак еб, аммаси тарафидан зулм кўрган.
Жорий йилнинг 12 март куни аёл қариндошларининг кичик қизи, 2017 йилда туғилган Ч.А.нинг дарс тайёрламагани ва ёлғон гапирганини важ қилиб, ўзини қизнинг мазкур хатти-ҳаракатлари учун гўёки жазолаётгандек кўрсатиб, ўта шафқатсизлик билан унинг танасининг турли жойларига қўллари ва ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 12 март куни Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 13 март куни Н.И.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Орадан икки кун ўтиб, 15 март куни туман марказий тиббий бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, қизалоқ жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.