Ссылки доступа

Бухорода ичида ўқувчилари бўлган автобус ҳалокатга учради. Улардан бири вафот этди


18 март куни соат 10:30 атрофида Бухоро вилояти Когон туманида автобус ва юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Қайд этилишича, 140 ёшли ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи М.М. бошқарувида бўлган юк автомобили тўқнашган.

Оқибатда бир нафар автобус йўловчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Шунингдек, бир нафар йўловчи тан жароҳати олган бўлиб, 25 нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Когон туманидаги 5-мактабда таҳсил оладиган ўқувчининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, автоҳалокат унинг кўз ўнгида содир бўлган.

«Ўғил болаларни бошқа автобусга, қиз болаларни бошқа автобусга жойлаштиришди. Бизнинг автобус автоҳалокатга учраган автобуснинг орқасидан кетаётган эди. Кўз олдимизда шунақа даҳшатли тўқнашув бўлдики, эс-ҳушимизни йўқотаёздик», — деди ўқувчи қиз.

Ўқувчилар Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳамда Когон туманидаги тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Айни пайтда ЙТҲ юзасидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG