Тергов тахминича, 21 ёшли Олехнович ва 22 ёшли Трофимов “Россия ҳудудида қўпорувчилик фаолияти билан шуғулланадиган” Алексей Навальнийнинг яширин штаблари тармоғига алоқадор бўлишган.
Талабалар 2023 йил июлида қўлга олинган. Даставвал суд уларни уй қамоғида сақлаш ҳақида қарор чиқарган, бироқ орадан икки ҳафта ўтгач, улар тергов ҳибсхонасига кўчирилган. Улар суд қарори чиққунига қадар ҳибсхонада қолганлар.
Россия расмийлари Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ва Алексей Навальний штабларини 2021 йил июнида экстремистик ташкилотлар деб эълон қилишган. Шундан сўнг минтақавий штаблар тармоғи тарқатиб юборилган, мухолифатчининг кўплаб тарафдорлари эса жиноий таъқибга дучор бўлиш хавфи туфайли Россияни тарк этишган. Навальнийнинг ўзи Ямалдаги қамоқхонада 2024 йилнинг февраль ойида вафот этган.
2022 йил октябрида Навальний сафдошлари Россияда “партизанларнинг яширин уюшмаси”га ўхшаган штаблар тармоғи қайта тузилишини эълон қилишганди. 2023 йил майида Навальний командаси “яширин штаблар” нималар билан шуғулланаётгани (масалан, сайтларни бузиб кириш, варақа тарқатиш ва ш.к.) ҳақида гапириб беришган эди.