Eвропарламент Арманистонга ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни кўриб чиқиш ҳақида резолюцияни қабул қилди. Ташаббусни қўллаб 504 депутат овоз берди, 4 нафари қарши чиқди, 32 нафари бетараф қолди.
Мажбурий бўлмаган резолюцияда Россия Арманистон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатишда давом этаётгани, шу сабабли Ереван Европа Иттифоқининг Москвага қарши санкцияларини четлаб ўтишга эътибор қаратиши кераклиги таъкидланган.
Европарламент, шунингдек, ЕИ инвесторларини Арманистон билан иқтисодий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлашга чақирган.
Ҳужжатда, шунингдек, Арманистон Россия етовида бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини музлатиб қўйганлиги эътироф этилган.
Европа парламенти маҳаллий аҳоли ҳуқуқлари таъминланган ҳолда Боку ва Ереван ўртасида тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Депутатлар ЮНEСКОни Қорабоғдаги арман маданий меросини сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича чора кўришга чақирди.
Европарламент резолюцияси Ереван билан Москва ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган бир пайтда қабул қилинди.
Арманистон Россия етовида бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини музлатиб қўйган. Пашинян, шунингдек, Москвани бир неча ой аввал “Арманистон аҳолисини очиқдан-очиқ ҳукуматни ағдариб ташлашга чақирган”ликда айблаган.
Москва, ўз навбатида, Ереван баёнотини самарасиз риторика деб атаган ва Ғарб давлатларининг сурнайига ўйнаётганликда айблаган.
Шу билан бирга, Арманистон Москва учун санкцияларни четлаб ўтиш учун энг йирик «марказлардан» бирига айланган. Расмий маълумотларга кўра, Арманистондан Россияга товарлар экспорти 85% га ошган, шундан 80 фоизи реэкспортдир. Умуман олганда, Арманистоннинг Россияга экспорти урушдан аввалги даврга нисбатан 430 фоизга ошган.