Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди


Қирғизистон парламенти депутатлари 14 март куни учинчи ўқишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишган.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, қонун лойиҳаси учун 66 нафар депутат ёқлаб, 5 нафар депутат эса қарши овоз беришган.

Хабарга мувофиқ, “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентнинг 14 март кунги кун тартибида бўлган эмас - ҳужжат спикер ўринбосари Нурбек Сидигалиев илтимосига кўра кун тартибига киритилган ва депутатлар унинг таклифини дастаклашган.

Бунгача ҳужжат парламентнинг Конституциявий қонунчилик ва давлат тузилиши қўмитаси томонидан маъқуллангани маълум бўлган эди. Парламент депутатлари қонун лойиҳасини мазкур қўмита аъзолари киритган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилишган. 20 февраль куни қўмита аъзолари бўлган депутатлар қонун лойиҳасидан жиноий жавобгарликка оид меъёрни олиб ташлашган эди, лойиҳадаги қолган моддалар эса аввалгидек қолган.

“Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси даставвал 30 дан зиёд депутат ташаббуси билан кўтариб чиқилган, лекин кейинроқ ҳужжат танқидга учрагач, депутатларнинг бир қисми лойиҳа остига ўз имзосини қўйишдан воз кечган. Қонун лойиҳаси кўпроқ унинг асосий муаллифи бўлган депутат Надира Нарматова томонидан олға сурилмоқда. Қирғизистон учун бундай қонун ўта зарурлигини айтган Нарматова мамлакатдаги ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ҳар йили ўз лойиҳалари учун хориждан грант маблағлари олаётганлари, бироқ бу пулларни нималарга сарфлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этмаётганлари ҳақида бир неча бор гапирган эди.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, фаоллар ва халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор танқид қилинган. Улар қонун лойиҳаси фақат нотижорат ташкилотлари учунгина хатарли эмаслиги, қонун қабул қилинса, бу Қирғизистондаги кўплаб нотижорат ташкилотларининг ёпилиши ва халқаро донорларнинг кетишига сабаб бўлишини қайд этишган.

Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International сингари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ЕХҲТ вакиллари ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотлари парламент депутатларига мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмаслик чақириғи билан чиқишган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ бераркан, мазкур ҳужжат қабул қилинган тақдирда, бу ЕИ ва бошқа халқаро донор ташкилотларнинг Қирғизистонда ҳамкорлик бўйича ўз фаолиятини амалга оширишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши юзасидан ўз хавотирини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ёзган хатида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG