2024 йил 12 март куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида шаҳвоний шилқимлик ҳуқуқбузарлиги содир этилгани юзасидан очиқ суд бўлиб ўтди.
Ҳужжатга кўра, суд мажлисида жабрланувчининг онаси ўз кўрсатувида маълум қилишича, 2024 йил 9 март куни вояга етмаган қизига уйга бориши учун Yandex Go хизматидан фойдаланиб такси чақирган. Йўл давомида ҳайдовчи М.Ғ. қизга турли мазмундаги саволлар берган ва суҳбати давомида унинг исмини, таксини ким чақириб берганини сўраган. Қиз ҳайдовчига ёши 15 да эканини айтса ҳам унга тегажоғлик қилишни тўхтатмаган, унинг қандай чиройли экани ҳақида шаҳвоний хусусиятга эга бўлган сўзлар айтган.
М.Ғ. ўз суддаги кўрсатувида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини, ўзига тегишли хулоса чиқарганини, унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Суд М.Ғ.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида (шаҳвоний шилқимлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 5 (беш) сутка муддатга маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳуқуқбузар М.Ғ.дан маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида ундирилиши белгиланди.