Вазир Саидов қайдича, Кобул сафари чоғида у бош вазир вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд, бош вазир ўринбосари в. б. Мавлавий Абдул Салом Ҳанафий, бош вазир ўринбосари в. б. Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири в. б. Мавлавий Амир Хон Муттақий, ички ишлар вазири в. б. Халифа Сирожиддин Ҳаққоний, савдо ва саноат вазири в. б. Нуриддин Азизий билан музокаралар олиб борган.
“Музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилдик. Иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратдик”, дейилган вазир хабарномасида.
Бу Бахтиёр Саидовнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўлароқ Афғонистонга илк сафари бўлиб ҳисобланади.
Бир йил муқаддам Кобулда Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири - ҳозирда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ва Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев Толибон вакиллари томонидан музокаралар ўтказган. Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Афғонистонда бўлган. Ўтган ой бошида эса Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Кобулда Толибоннинг муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашгани хабар қилинган эди.
Ўтмишда Толибон бошқарувини қатъиян рад этган Ислом Каримов ҳукуматидан фарқли президент Мирзиёев 2021 йил августида Кобулдаги ҳокимиятни босиб олган толиблар билан мулоқот ва ҳамкорлик йўлини танлаган.
2022 йил декабрида Мирзиёев "Ўзбекистон томонга қарата ўқ отмаган" Толибон ҳукумати билан ҳамкорликка тайёр экани"ни айтганди.
Ўзбекистон бош дипломати ва ўзбек делегацияси вакиллари билан 12 март куни Кобулда бўлиб ўтган учрашувда иқтисодий масалалар учун масъул бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар сув захираларини бошқариш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилган.
Бош вазир ўринбосари матбуот хизмати маълумотига кўра, Толибон мулозими афғон халқи бундай каналга эга бўлишга узоқ вақтдан буён интилиб келгани, бироқ бунга мамлакатда узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган уруш ва беқарорлик халақит бериб келганини қайд этган.
Хабарномада келтирилишича, ўз навбатида вазир Саидов Ўзбекистон Афғонистон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ғоясига содиқ эканини тасдиқлаб, замонавий суғориш тизимлари ҳамда Қўштепа канали қурилиши лойиҳаси бўйича ўз мамлакатининг техник кўмагини таклиф этган.
Аввалроқ Озодлик расмий Тошкент олдинига Толибоннинг Афғонистон шимолидаги Қўштепа канали қурилишидан хавотир изҳор қилгани, кейин эса лойиҳа юзасидан толиблар билан ҳамкорлик қилишга ҳозирлигини билдиргани ҳақида хабар қилган эди.
Ўтган йил ёзида канал масаласи бўйича Ўзбекистон ва Афғонистон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш юзасидан музокаралар бораётгани маълум қилинганди. Музокаралар натижаси ҳозиргача номаълум.
Зиддиятли канал қурилишининг биринчи босқичи якунланган, канал тўлиқ қуриб битказилганида Афғонистон Амударёдан 15 фоизгача сув олиши, бу эса Ўзбекистон ва Туркманистон учун жиддий муаммо яратиши айтилади. Ўтган йил декабрида экологлар Қўштепа каналида йирик авария юз берганини айтишган, аммо Толибон буни рад этиб чиққанди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, кечаги учрашувда Толибон бош дипломати Мавлавий Амир Хон Муттақий вазир Бахтиёр Саидов ва ўзбек делегацияси билан учрашувда савдо-сотиқ, транзит, транспорт ва бошқа масалаларнимуҳокама қилган.
Учрашувда Толибон вазири Ўзбекистондан импорт қилинаётган электр энергияси етарли бўлмаётгани, бу танқислик қишда оддий аҳоли турмушида ҳам, иқтисодиёт соҳаларида ҳам салбий акс этаётганини урғулаган.
Бунга жавобан Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Афғонистонни ҳамиша дастаклаб келгани, халқаро майдонда бу мамлакатни Марказий Осиё ва халқаро ҳамжамиятининг бир бўлаги ўлароқ кўришга чақириб келганини билдирган.
Вазир Саидов Ўзбекистоннинг Афғонистонда цемент ишлаб чиқариш, кўмир қазиб олиш ва кўмир ёқиш асосида электр энергияси ишлаб чиқариш каби жабҳаларга сармоя ётқизишга қизиқаётганини ҳам қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон томони 2021 йил августида Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай “Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” трансафғон темирйўл линиясини қуриш бўйича толиблар билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Ўтган йил июлида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати қиймати 4,6 млрд доллардан 8,2 млрд долларгача баҳоланаётган лойиҳа бўйича музокараларнинг якуний босқичи бошланганини маълум қилган эди.
Дунёдаги кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилот деб топилган Толибон ҳаракати бундан икки ярим йил муқаддам Афғонистонда ҳокимият тепасига келган эди. Ўшандан буён ўзбек расмийлари турли даражада толиблар билан мулоқот олиб боришга уриниб келади. Ўтган ой бошида Кобулдаги манбалар Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонаси “Ислом Амирлиги ихтиёрига топширилгани” хусусида хабар тарқатишган эди.