Ссылки доступа

Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада вафот этди


Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров
Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров

Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада ўлгани тўғрисида маҳаллий ОАВлар Бош прокуратурага таянган ҳолда 5 март куни хабар берди.

“Ўлим сабаблари тўғрисидаги дастлабки маълумот яқин вақт ичида эълон қилиниши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда “Дарё” нашри Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсовга таянган ҳолда собиқ ҳокимнинг ўлимига “юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС (2022 йил март). Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан кейинги ҳолат (2022 йил апрель). Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия III. Хавф IV (ўта юқори)” сабаб бўлганини билдирди.

Фарғона вилоят суди 2022 йил 26 декабрда Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими дохил 45 нафар судланувчига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарганди.

Суд ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган 50 ёшли Баҳром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, у 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда БҲМнинг 350 баравари, яъни 85 миллион 750 минг сўмлик жаримага тортилган.

Мазкур жиноят иши доирасида Андижон шаҳри собиқ прокурори Қурбонали Асқаров 10 йилу 6 ойга, Андижон шаҳар ХТБ марказлашган молия-бухгалтерия хизматида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Саида Йўлчиева тақрибан 8 йилга, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Фарҳод Муллажонов 8 йилга, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасининг маҳаллий бюджет даромадларини режалаштириш ва бюджетларини шакллантириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Шавкат Ҳошимов 8 йилга қамалган.

Қолган 40 нафар судланувчига нисбатан 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 йилгача озодликни чеклаш ҳамда 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш жазолари тайинланган.

Хабарномада айтилишича, жиноят оқибатида етказилган 63 миллиард сўмлик моддий зарарнинг 16 миллиард сўмдан кўпроғи қопланган, зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 2022 йилнинг 6 июнида 2017-2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштирганликда гумонланиб ҳисбга олингани ҳақида аввал хабар қилинган.

Баҳром Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини сиртдан битирган. 1998 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган. У 2019 йил августида Анджион шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG