Ссылки доступа

Одессада Россия зарбаси ортидан ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етди


Россия Одессага 2 март куни дронлар билан ҳужум қилгани ортидан ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 12 кишига етди. Қутқарувчилар вайроналар остидан яна икки бола – 10 ёшли ўғил ва 8 ёшли қизнинг жасадини топди. Бу ҳақда Одесса ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилди.

Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати 3 март куни кўп қаватли уй вайронаси остида яна камида 4 киши қолгани тўғрисида билдирган эди. Хизматнинг маълум қилишича, 3 март куни уларга уч киши телефон қилган ва тирик эканликларини айтган. Уларнинг исмлари ҳалок бўлгани таҳмин қилинаётганлар рўйхатида эди.

Бунга қадар 2 мартдаги ҳужум оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлгани билдирилганди. Улардан уч нафари бола, жумладан, икки нафари чақалоқ. 3 март Одессада мотам куни сифатида эълон қилинди.

Россия расмийлари ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади. Москва Украинада фуқаролик объектларига зарба бераётганини инкор қилиб келади.

Донецк вилояти ҳокимияти 3 март куни Россия Курахово шаҳрига зарба бергани ҳақида маълум қилди. Ҳужум оқибатида 16 киши яраланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.

XS
SM
MD
LG