Ссылки доступа

Ўзбекистон 11 давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади


Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида 11 давлат билан музокараларни якунлади, улардан 9 таси бозорга кириш бўйича музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколларни имзолади.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокаралар гуруҳи 26−29 февралда Абу Дабида бўлиб ўтган ЖСТ вазирларининг 13-конференцияси доирасида уч давлат — Япония, Исроил ва Доминикан Республикаси билан бозорга кириш протоколлари имзолангани ҳамда Таиланд билан музокаралар якунлангани ҳақида эълон қилди.

26 февраль куни президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов Япония ташқи ишлар давлат вазири Тсужи Киото ва Доминикан Республикасининг ЖСТ ва ЮНКТАД даги доимий вакили Хосе Санчес Фанг билан протоколларни имзолади.

27 февраль куни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Исроил иқтисодиёт ва саноат вазири Нир Баркат Исроилнинг бозорга кириш шартларини тасдиқловчи протоколни имзолади.

Шу тариқа Ўзбекистон ЖСТга аъзо 11 давлат билан музокараларни якунлади. Ушбу 11 давлатдан 9 таси билан бозорга чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш бўйича протоколлар имзоланган, 2 та давлат (Шри-Ланка ва Таиланд) билан протокол лойиҳасини келишиш жараёнлари бошланган.

Ўзбекистон билан бу борадаги музокараларни биринчи бўлиб ўтган йилнинг апрель ойида Грузия якунлаган. Ноябрь ойида уч давлат — Туркия, Мўғулистон ва Саудия Арабистони билан протоколлар имзолангани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш ташаббусини 1994 йилда бошлаган, бироқ 2005 йилда бу жараённи тўхтатган. 2020 йилда ташкилотга қўшилиш бўйича ишлар қайта тикланди ва ишчи гуруҳ билан биринчи учрашув ўтказилди.

XS
SM
MD
LG