Ссылки доступа

2023 йилда АҚШ чегарасини 50 минг марказий осиёлик ноқонуний кесиб ўтган - ОАВ


АҚШ Монтана штати сенатори Стив Дэйнс матбуот анжуманида «юқори мартабали амалдор»га таяниб, 2023 йилда Марказий Осиёдан келган 50 мингдан ортиқ одам АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганини айтди. Бу ҳақда Daily Mail ёзди.

Нашрга кўра, расмийлар ноқонуний мигрантлар оқимидан хавотирда ва улар Қўшма Штатларга хавф туғдириши мумкин.

АҚШда бошпана сўровларини кўриб чиқиш жараёнини кузатувчи TRAC нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда камида 40 минг марказий осиёлик бундай ишлар бўйича суд жараёнини кутмоқда. Улардан 17 минг нафари Ўзбекистон, 7 минг нафари Қирғизистон, 3 минг нафари Тожикистон, 2,7 минг нафари Қозоғистон, 2 минг нафари Туркманистон фуқароларидир.

Стив Дэйнс чегарадаги мигрантлар инқирози бўйича АҚШ президенти Жо Байденга хат ёзиб, чора кўришни сўраган. Daily Mail нашри келтирган расмий маълумотларга кўра, у 2021 йилда ҳокимиятга келганидан бери 7,3 миллиондан ортиқ мигрант АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган.

АҚШ божхона ва чегара ҳимояси октябрдан буён Сан-Диeго орқали АҚШга 2500 дан ортиқ ўзбекистонлик ноқонуний кирганини маълум қилди. Улар қўлга олингандан сўнг, қўшимча федерал текширувдан ўтиши кутилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, АҚШга Мексика орқали келган Ўзбекистон фуқаролари Байден устидан судга мурожаат қилган. Улар ҳозирда АҚШнинг турли иммиграция марказларида (қамоқхоналарда) сақланмоқда. Ўзбекистонликлар ўз даъволарида миллатига кўра дискриминация қилинганлари сабабли уларни қамоққа олиш тартибини ноқонуний деб эътироф этиш, шунингдек, адвокатлар учун харажатларини қоплашни сўрамоқда.

XS
SM
MD
LG