«Мени «топиш»дан аввал у [милиция ходими] икки марта 68 яшар, нафақадаги ўқитувчи опамни безовта қилган ва Чилонзор тумани «РУВД»сига келишини айтган. Мен опамга борманг дедим. Лондондан телефон қилдим», — деди у.
Журналистнинг сўзларига кўра, Лондонда BBC журналисти бўлиб ишлаган 20 йиллик фаолияти давомида бу каби ҳолат биринчи марта содир бўлмоқда. «Қизиғи, мен 2017 йилдан бери Чилонзорда «прописка»да турмайман, «пропискам» Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида», — таъкидлади у.
Чилонзор ИИБ ходими «Жасур» тўлиқ исм-шарифи ва рутбасини айтишдан бош тортди, деди Ибрат Сафо. Ходим журналист интернетда Ўзбекистон ҳақида «негатив» ёзгани учун «Президент администрацияси қошидаги оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилувчи марказ»дан (катта эҳтимол билан гап президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг таркибий бўлинмаси — Оммавий коммуникациялар маркази ҳақида кетмоқда) топшириқ олганини айтган.
Журналистнинг айтишича, милиция ходими «Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантириш» тўғрисидаги қонунга ишора қилган, бироқ бу қандай қонун эканига аниқлик киритмаган.
Ибрат Сафо ўз постида ҳеч қандай исм-шарифлар келтирмаганини, шунчаки вазият ҳақида «тадбиркор, экс-ҳоким ўз оғзи билан Magic City`га эгалигини» айтганидан кейин гапирганини билдирган.
«Шундан норози бўлишибди. Жасурнинг неча ёшлиги ё журналистика борасидаги билимини билмайман, лекин у мени „патриот“ бўлмасликда айблади ва бундай постларни ёзишни тўхтатишимни буюрди. У ўзининг „патриот“ эканини ҳам айтди. Айнан қандай мавзуларда ёзишим мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраганимда, жавоб бермади. Қачон Ўзбекистонга келишимни билишга уринганида, ундан авиачипта сўраганим ҳам негадир унга ёқмади. Энди шикоятини Ташқи ишлар вазирлигига жўнатар экан», — деб ёзди журналист суҳбат BBC студиясида ёзиб олинганини таъкидлаб.
1 февраль куни Тошкент шаҳри собиқ ҳокими, Akfa компаниялар гуруҳи асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг еттита компаниясини сотганини маълум қилганди (кейинчалик эса сотилган компаниялари сони 12 та эканини айтди). Улар орасида 2021 йил июнь ойида Миллий боғ ўрнида очилган Magic City парки ҳам бор эди. Лойиҳанинг инвестори Akfa таркибига кирувчи Stargate Systems бўлган. Компания 20,79 гектар парк ерини 49 йиллик ижарага олганди.
Ўшанда «Газета.uz» 426,9 миллиард сўм бўлган Stargate Systems компанияси таъсисчилари Tashkent Aquarium (86,2 фоиз) ва президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг (Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси) ўғли Алишер Абдужабборович Абдувоҳидов (13,8 фоиз) эканини аниқланганди. Алишер Абдувоҳидов Tashkent Aquarium`га тўла эгалик қилади (100 фоиз), шунингдек, Artel Technical School ва бошқа корхоналарда улушларга эга.
Рақобатни ривожлантириш қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда Tashkent Aquarium компанияси Stargate Systems компаниясининг 99,9 фоиз улушини 371,4 миллиард сўмга сотиб олган.