Расман билдирилишича, йиғилишда мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ва қобилиятини ошириш, уларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш, сержантлар корпусининг фаолиятини такомиллаштириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Ҳисоботда қўшинлар фаолиятини рақамлаштириш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари босқичма-босқич жорий этилаётгани ҳамда алоқа тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилган.
Йиғилишда Қуролли Кучлар тузилмасини такомиллаштириш, миллий армияни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий-техник воситалар билан таъминлаш ҳамда мудофаа саноати комплексини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон президенти бу билан йил бошидан бери иккинчи марта Қуролли кучлар масаласида йиғилиш ўтказмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлигини, жанговар қобилиятини янада ошириш масаласини кун тартибига қўйганди.
Ўшанда президент армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтди.
Йиғилиш якунида президент Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берди. Президент матбуот хизмати бу топшириқлар тафсилотларини маълум қилмади.