Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси сайтида маълум қилинди.
АҚШ Молия вазирлиги санкциялари рўйхатида қайд этилишича, Polarstar Logistics бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган. Вазирлик мазкур ширкат ва унинг Тошкент ваколатхонаси қандай асосларга кўра, санкциялар рўйхатига киритилгани тўғрисида маълумот бермаган.
АҚШ 23 фвралда мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний қамоқхонада ўлгани ва Украина босиқнининг икки йиллиги муносабати билан Россияга қарши янги санкциялар жорий этган эди.
Аввалроқ АҚШ давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд Вашингтон Россияга қарши “қақшатқич” санкциялар пакетини ҳозирлаётганини билдирган эди. Мулозимага кўра, унда “юзлаб, юзлаб ва юзлаб” чекловлар бўлади. Нуланд янги санкциялар шу пайтгача мавжуд бўлган чекловлардаги “тирқишларни ёпиш”и ҳамда Россия томонига уларни айланиб ўтишга имкон қолдирмаслигини таъкидлаган.
Бундан ташқари АҚШнинг янги санкциялари пакетига Қозоғистонда рўйхатдан ўтган Da Group 22 ва Elem Group, Қирғизистондаги Ukon ширкатлари ҳам киритилди.
Қозоғистон нашрларининг ёзишича, Da Group 22 ва Elem Group электрон ва телекоммуникация ускуналари ҳамда эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланади.
Қирғизистоннинг Ukon ширкати эса, АҚШ Молия вазирлиги таъкидича, Америкада ишлаб чиқарилган самолётлар эҳтиёт қисмларини Россияга жўнатиш билан машғул бўлган.
2023 йил июнида Ўзбекистондаги Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia ширкатлари АҚШ, ЕИ ва Япония санкциялари рўйхатига киритилган эди. Еврокомиссия сайтида эълон қилинган ҳисоботда мазкур ширкатлар Россия мудофаа саноати учун Ғарбдан товар сотиб олишга урингани баён қилинган.
АҚШ Савдо вазирлиги 2023 йил 2 ноябрда Тошкентдаги Mvizion МЧЖга ҳам санкция эълон қилган эди.