Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди. 25 февраль куни Туркманистондан 22,2 миллион кВт/соат электр энергияси импорт қилинди.
Қишнинг совуқ кунларида магистрал газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетгани ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 25 февраль куни ҳам мамлакат бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 600 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.
Газ босими одатдагидан кўра паст эканига қарамай, кеча унинг истеъмоли аввалги кунлардагидан кўра ортиб, 157,2 миллион кубометрни ташкил қилди. 25 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан республикадаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 1 минг 73 тонна автобензин етказиб берилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда электр энергияси танқислиги туфайли чеклов жорий этилгани ҳақида хабар қилинган эди. 18 февраль куни электр энергияси етказиб бериш бўйича дефицит 6,4 млн кВт·соатни ташкил этган, шу важдан мамлакат бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 МВтгача чекловлар киритилган.