Tribuna.uz нашрининг ёзишича, ФИФАнинг 22 февралда қабул қилинган қарорида “Бунёдкор” Ривалдога 8,1 миллион евро, Денилсонга 1,1 миллион евро қарз экани қайд этилган. Мазкур қарор Ўзбекистон футбол ассоциациясига юборилган.
“Бунёдкор” ФИФА низоларни ҳал қилиш палатасининг 2017 йил 21 сентябрда қабул қилган қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган. Бу Спорт арбитраж суди томонидан 2023 йил 6 ноябрда чиқарилган қарорда тўлиқ тасдиқланган.
“Бунёдкор» клуби 30 кун ичида ушбу маблағни тўлаб бериши шарт қилиб белгиланган. Акс ҳолда ФИФА томонидан клубга нисбатан жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
Ривалдо 2008-2010 йиллар давомида “Бунёдкор” футбол клуби аъзоси ва уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. Денилсон эса 2010 йилда “Бунёдкор” сафида чемпион бўлган. У Ўзбекистон Олий Лигасида 14 ўйинда 4та гол, ОЧЛда эса 6 ўйинда 5та гол урган.
“Бунёдкор” ва футболчилар ўртасидаги молиявий можаро 2010 йилдан бери давом этиб келаётган эди.