Ссылки доступа

Transparency International қирғиз парламентини “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этишга чақирди


Аввалроқ бу қонун лойиҳаси Жўқорғи Кенешда иккинчи ўқишда маъқулланган эди.

Transparency International (TI) коррупцияга қарши курашиш халқаро ташкилоти Жўқорғу Кенеш депутатларини “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этишга чақирди.

21 февраль куни эълон қилинган TI баёнотида ушбу қонун хориждан маблағ олувчи ННТлар фаолиятига ножоиз таъсир қилишга йўл очиши таъкидланган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиёда бўйича вакили Алтинай Мирзабекованинг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро мажбуриятларига зиддир.

Аввалроқ бу қонун лойиҳаси Жўқорғи Кенешнинг ялпи мажлисида иккинчи ўқишда маъқулланган эди.

Қирғиз сиёсатчилар хориждан маблағ олувчи нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш учун йиллар давомида баҳсли қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда. “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ва Қирғизистон Жиноят кодексига таклиф этилаётган ўзгартишлар мана шулардан бири.

Қирғиз жамоатчилиги қонунчиликка “хорижий вакил” тушунчасини киритишни таклиф қилган депутат Нодира Нарматованинг ушбу ташаббусини Россия андозасидаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун деб атамоқда ва уни кучга киритишга қаратилган сўнгги уринишлар муваффақиятли бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

TI баёнотида айтилишича, ушбу қонун лойиҳаси маъқулланса, хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади ва бу уларни ёпилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Қонун лойиҳасида хорижий агент деганда “хорижий вакиллик функциясини” бажарувчи ва “Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётган сиёсий фаолиятда иштирок этувчи” ёки жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи нодавлат ташкилоти тушунилиши келтирилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бундай ташкилотлар мажбурий аудитдан ташқари, ҳукуматга молиявий ҳисоботларини асослаб бериши ва ҳатто ўз тадбирларида ҳукумат вакилларининг иштирок этишига рози бўлиши керак.

Қонун лойиҳасида “фуқароларга нисбатан зўравонлик ёки уларнинг соғлигига зарар етказиш ёхуд фуқароларни ўз фуқаролик бурчларини бажаришдан бош тортишга ундаш” да айбдор деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жаримага тортиш жазоси назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

“Энди нотижорат ташкилотни рўйхатдан ўтказиш жараёни янада мураккаблашади. Тугатиш жараёни эса соддалаштирилди”, - дейди “Адилет” юридик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Чўлпон Жакупова.

Қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий жамоатчилик қирғиз ҳукуматидан қонун лойиҳасини рад этишга чақирган.

XS
SM
MD
LG