Ссылки доступа

Икки қозоқ аёл Таиландда меҳнат қуллигидан озод қилинди


Қозоғистон ТИВ маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида Мянма ва Лаоснинг Таиланд билан чегарадош ҳудудларида Қозоғистоннинг 200 га яқин фуқароси меҳнат қуллигига тушиб қолган.

Икки қозоғистонлик аёл Таиландда меҳнат қуллигидан қутқарилди, деб маълум қилди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров 21 февраль куни бўлиб ўтган брифингда.

Ўтган ой Қозоғистоннинг Таиланддаги консулига Олтин учбурчакда (Таиланд, Мянма ва Лаоснинг тоғли ҳудудларида жойлашган географик зона) меҳнат қуллигида бўлган фуқаролар мурожаат қилиб ёрдам сўраган.

“Маҳаллий ҳокимият билан олиб борилган музокаралардан сўнг икки нафар фуқаромиз меҳнат қуллигида экани маълум бўлди. Охир-оқибат улар озод қилинди. Айни пайтда улар Қозоғистонга учиб кетмоқда”, деди Смадияров.

Смадияровнинг айтишича, ушбу фуқаролар “бу ҳудудда меҳнат қуллигига тушиб қолиш эҳтимоли юқори эканлигидан хабардор бўлган, лекин юқори маош ваъдасига лаққа тушган".

Қозоғистон ТИВ маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида Мянма ва Лаоснинг Таиланд билан чегарадош ҳудудларида Қозоғистоннинг 200 га яқин фуқароси меҳнат қуллигига тушиб қолган.

Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, Қозоғистон асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи ва транзит мамлакати ҳисобланади, қозоқ фуқаролари хорижда одатда иш изламайди.

XS
SM
MD
LG