Икки томон келишувига мувофиқ, темирйўл линиясини реконструкция қилиш бўйича ишларни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган эди. «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан ишнинг биринчи босқичини амалга ошириш учун 120 нафар ишчи жўнатилди.
Биринчи босқичда юк вагонларини қисқа муддатда «Найбобод» вокзалига етказиб бериш режалаштирилган. Шу мақсадда «Ҳайратон» бекатининг «Б» паркида ҳамда темирйўл инфратузилмасининг 57 километрлик ҳудудларида тўлиқ тиклаш ишлари параллел равишда ташкил этилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл компаниялари раҳбарлари ўтган йилнинг ноябрь ойида Ҳайратон — Найбобод — Мозори Шариф темирйўлининг бир қисмини таъмирлашга келишиб олган эди. Афғонистон томонига кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев таъмирлаш ишларини «сифатли, қулай нархда ва 50 фоизлик чегирма билан амалга оширишга» ваъда берган.
“Ўзбекистон темир йўллари” 2010 йил ноябрида лойиҳавий қиймати 129 миллион долларга баҳоланган 75 километрлик мазкур линияни қуриб битирганини билдирганди.