Ссылки доступа

Диний блогер Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги депортация марказидан қўйиб юборилди


Диний блогер Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги депортация марказидан қўйиб юборилди

Қарийб икки ой давомида Истанбулнинг Чаталжа туманида жойлашган Бинқилич депортация марказида ушлаб турилган Мубашшир Аҳмад, элчихона хабарномасида қайд этилишича, чоршанба куни оиласи бағрига қайтган.

Эллик ёшни қоралаган Мубашшир Аҳмад 2023 йилнинг 28 декабрь куни Истанбулдаги ўзи яшаб турган уйда қўлга олингани ҳақида “Azon Global” ахборот таҳлилий портали 9 январь куни хабар қилган эди. Ўша пайтда портал диний блогер қўлга олинганидан 11 кун ўтиб хабар берилганини қуйидагича изоҳлаган: “Дастлаб қандайдир англашилмовчилик бўлгани, шу боис оммани беҳуда ташвишга солиш керак эмаслиги каби мулоҳазалар билан бу ҳақда кенг оммага хабар берилмади”.

Мубашшир Аҳмад асос солган “Azon Global” портали унинг қандай гумон билан қўлга олинганини очиқламаган.

Диний блогер турк полицияси томонидан Чаталжадаги депортация марказида 55 кун давомида нима сабабдан ушлаб турилганига Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам аниқлик киритган эмас.

2023 йил августида “Азон медиа” гуруҳи раҳбари бўлган Мубашшир Аҳмад гуруҳга кирувчи барча лойиҳаларининг тўхтатилганини эълон қилган эди. “Азон медиа” 2017 йилда диний-маърифий йўналишда фаолият юритувчи онлайн медиа тармоғи сифатида ташкил қилинганди.

Ижтимоий тармоқларда 1,2 миллион обуначисига эга бўлган “Азон медиа” таъсисчиси Ўзбекистондаги фаолият якунланганига оид сабабларга изоҳ бермаган. Унинг таъкидлашича, кейинчалик бу сабаблар очиқланиши мумкин.

2021 йил июнь ойида “Азон медиа” гуруҳининг тўрт нафар раҳбари бир қанча диний контент ва материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси назоратидан ўтказмай чоп қилгани учун суд томонидан йирик миқдорда жаримага тортилган эди. Бош муҳаррир Абдулазиз Муборак буни “сайт овозини ўчиришга уриниш” деб атаганди.

Ўтган йил ноябрида Мубашшир Аҳмад раҳбарлигида ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида фаолият юритувчи “Azon Global” ахборот таҳлилий портали ишга туширилганди.

Мубашшир Аҳмад 1974 йили Наманган шаҳрида туғилган. 1991-1996 йилларда Тошкент Ислом институти ва Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетларида таълим олган. “Ўзбекистон мусулмонлари” (ҳозирги “Ҳидоят”), Fikrat журналларида ва “Ислом нури” газетасида ишлаган.

У 1996 йилдан бошлаб бир муддат Тошкент ислом институтида фиқҳдан дарс берган.

XS
SM
MD
LG