Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи борасида хавотир билдирди.
HRW Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хю Уилямсон Х ижтимоий тармоғида ёзишича, Қирғизистондаги сиёсий жараёнлар, жумладан “Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинаётгани ва Temirov LIVE журналистик лойиҳасининг 11 нафар собиқ ва амалдаги журналистлари ҳибсга олиниши хавотир уйғотмоқда.
Human Rights Watch аввалроқ Жўқорғу Кенеш депутатларини “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этишга чақирган эди. HRW баёнотида ушбу қонун хориждан маблағ олувчи ННТлар, жумладан, HRW ташкилотларининг фаолиятига ножоиз таъсир қилишга йўл очиши таъкидланган. Ташкилотнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Қирғизистонни халқаро ҳамжамиятдан ажратиб, “халқаро шериклар билан ҳамкорлик имкониятларга жиддий равишда путур етказади”.
Журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими 16 январь куни ҳибсга олинган эди. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.
Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.
HRW Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Қирғизистондаги сиёсий жараёнлар хавотир уйғотаётганини айтган.