Ссылки доступа

Зиддиятли блогер Аброр Мухтор Алий қамоқдан чиқди


 Аброр Мухтор Алий
Аброр Мухтор Алий

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани суди қарори билан 6 февралда 15 суткага қамалган диний блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) озодликка чиқарилгани тўғрисида Kun.uz ўз манбасига таянган ҳолда 21 февралда хабар берди.

Манбага кўра, унга тайинланган 15 сутка қамоқ жазоси тафтиш тартибида қайта кўрилиб, тайинланган жазо ўзгартирилган ва у озодликка чиқарилган.

Ўзбекистонда зиддиятли чиқишлари билан танилган диний блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) ва унинг шериги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ифода қилинган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш мазмунидан хабардор Озодлик манбасига кўра, Аброр Абдуазимов ва унинг шериклари шу йилнинг 5 февраль куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги яқинидаги майдончада тадбиркор Х. Н. тарафдорлари билан низони ўзаро ҳал қилиш чоғида ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмаганликда айбланган.

Озодлик манбасининг маълум қилишича, Аброр Абдуазимов ва шерикларига нисбатан иш судья Абдулла Абдулхаев томонидан 6 февраль куни соат 20:30 да кўриб чиқилган. Суд қарори билан Абдуазимовдан ташқари унинг шериги Хусрав Насруллаев ҳам маьмурий жавобгарликка тортилган.

Аброр Мухтор Алий Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида сўнгги марта 5 февраль куни соат 20:20 да “Имтиҳонларга сабр кишининг иймон савиясини оширади!” деган пост қолдирган, шундан сўнг ундан дарак бўлмаётган эди.

Ислом цивилизацияси маркази собиқ ходими, блогер Аброр Абдуазимов ўтган йил февралида блогер Никита Макаренкога туҳмат қилганликда айбланиб, суд қарори билан 500 долларга яқин жаримага тортилган эди.

Аввалроқ 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ўтган йил охирида озодликка чиққан блогер Фозилхўжа Орифхўжаев Аброр Мухтор Алий билан тортишувдан сўнг ҳибсга олингани хабар қилинган эди. Аброр Абдуазимовнинг 2022 йил январида 3 йилга озодлиги чекланган бошқа блогер – Миразиз Бозоровнинг ишига ҳам алоқаси бор.

Ўзбекистонда танқидий чиқишлари учун кўплаб блогер ва журналистлар қамалаётгани ва жаримага тортилаётганига қарамай, YouTube тармоғида 700 мингдан зиёд обуначига эга ва тез-тез провокацион постлар жойлайдиган Аброр Абдуазимов 2024 йил февралига қадар бирор марта судланган эмас.

XS
SM
MD
LG