Ссылки доступа

Қирғиз депутатлари Россия андозасидаги “хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун лойиҳасидан жиноий жавобгарлик ҳақидаги нормани олиб ташлади


Қирғиз сиёсатчилар хориждан маблағ олувчи нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш учун йиллар давомида баҳсли қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда.

Қирғиз депутатлари Россия андозасидаги “хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун лойиҳасидан жиноий жавобгарлик ҳақидаги нормани олиб ташлади. Қонун лойиҳасига тегишли ўзгартиришлар Жўқорғи Кенешнинг конституциявий қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва регламент масалалари қўмитасининг 20 февралда бўлиб ўтган йиғилишида маъқулланди.

Қирғиз сиёсатчилар хориждан маблағ олувчи нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш учун йиллар давомида баҳсли қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда. “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ва Қирғизистон Жиноят кодексига таклиф этилаётган ўзгартишлар мана шулардан бири.

Қонун лойиҳасининг эски таҳририда “фуқароларга нисбатан зўравонлик ёки уларнинг соғлигига зарар етказиш ёхуд фуқароларни ўз фуқаролик бурчларини бажаришдан бош тортишга ундайдиган" нодавлат нотижорат ташкилотларни тузганлик учун жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган эди. Бундай ННТларнинг "фаол аъзоларини" эса жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш назарда тутилган эди. Янги таҳрирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳақидаги норма олиб ташланмоқда.

Қирғиз жамоатчилиги қонунчиликка “хорижий вакил” тушунчасини киритишни таклиф қилган депутат Нодира Нарматованинг ушбу ташаббусини Россия андозасидаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун деб атамоқда ва уни кучга киритишга қаратилган сўнгги уринишлар муваффақиятли бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Ушбу қонун лойиҳаси маъқулланса, хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

Қонун лойиҳасида хорижий агент деганда “хорижий вакиллик функциясини” бажарувчи ва “Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётган сиёсий фаолиятда иштирок этувчи” ёки жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи нодавлат ташкилоти тушунилиши келтирилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бундай ташкилотлар мажбурий аудитдан ташқари, ҳукуматга молиявий ҳисоботларини асослаб бериши ва ҳатто ўз тадбирларида ҳукумат вакилларининг иштирок этишига рози бўлиши керак.

Нотижорат ташкилотлар ҳуқуқи бўйича халқаро марказнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасидаги аксар бандлар нодавлат сектор ишчилар ҳуқуқларини камситади.

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

“Энди нотижорат ташкилотни рўйхатдан ўтказиш жараёни янада мураккаблашади. Тугатиш жараёни эса соддалаштирилди”, - дейди “Адилет” юридик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Чўлпон Жакупова.

Қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий жамоатчилик қирғиз ҳукуматидан қонун лойиҳасини рад этишга чақирган.

XS
SM
MD
LG