Ссылки доступа

Тошкентда иссиқлик тарифлари жорий иситиш мавсуми тугагандан сўнг оширилади


Тошкент шаҳрида аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифи оширилади.

Veolia Energy Tashkent ширкати матбуот хизмати маълумотига кўра, тарифларни 2023-2024 йилги иситиш мавсуми тугаганидан бир кун ўтиб ошириш режаланган.

Бунга оид қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган бўлиб, у кўп қаватли уйларда яшовчиларга дахлдордир.

Хабарномада тарифлардаги ўсиш электр энергияси, газ, ичимлик суви ва канализация хизматлари, шунингдек, иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар учун сотиб олинган иссиқлик энергияси нархларининг ошиши билан боғлиқлиги урғуланган.

“Аҳолига иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун янги чакана тариф 15 фоиз ўсиб, 2019 йилдан бери амалда бўлган 91 960 сўм/Гкал ўрнига 105 754 сўм/Гкални ташкил этади”, дейилган Veolia Energy хабарномасида.

Ширкат юридик шахслар ва бюджет ташкилотлари учун 2023 йилнинг декабрь ойи бошидан кучга кирган тарифлар ўзгаришсиз қолганини қўшимча қилган.

Аввалроқ пойтахтдаги бюджет ташкилотлари ва юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти янги тарифлари кучга киргани эълон қилинган. Унга мувофиқ, тарифлар юридик шахслар учун 1,5 бараварга — 1 Гкал учун 141 737 сўмдан 212 606 сўмгача, бюджет ташкилотлари учун 1,6 бараварга — 1 Гкал учун 502 067 сўмдан 801 963 сўмгача оширилган эди. Ўшанда аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолиши айтилганди.

XS
SM
MD
LG