Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мустақил журналист Али Эргешевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Вазирлик матбуот хизматининг баёнотида айтилишича, Али Эргешев 13 февраль куни «Манас» аэропортида юз таниш функциясига эга видеокузатув камераси ёрдамида қўлга олинган.
Эргешев 2023 йил май ойида безорилик айби билан қўзғатилган жиноят иши доирасида Жалолобод шаҳар суди қарори асосида ҳибсга олинган. Бироқ Али Эргешевнинг ўзи бу айбловларни рад этмоқда. У Инстаграм саҳифасида ҳибсга олиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканлигини, у ҳеч қандай қонун-қоидани бузмаганлигини маълум қилган.
Али Эргешев “Эл билсин” Youtube каналининиг муаллифидир. Каналда асосан умумий овқатланиш шохобчаларининг санитария ҳолати, давлат муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати, турли қонунбузарликлар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларига доир видеолавҳалар эълон қилинади. Канал 130 минг обуначига эга.
Аввалроқ, февраль бошларида блогер Батмакан Жолболдуева ва журналист Эрмек Аттокуровлар ҳам товламачиликда гумонланиб ҳибсга олингани эди. Аттокуров кейинроқ уй қамоғига қўйиб юборилган.
Январь ойида эса бирданига 11 журналист оммавий ҳибсга олинган - уларнинг барчаси журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг собиқ ёки амалдаги ходимлари бўлган.
“Эл билсин” Youtube каналининиг муаллифи Али Эргешев майда безориликда айбланмоқда.