Ссылки доступа

Андижонда Мексика орқали АҚШга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди


Андижон вилояти Марҳамат туманида Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Марҳамат туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Фуқаро О.У. Ф.Б.нинг ишончига кириб, уни гўёки миграция агентлигида ишловчи танишлари ёрдамида Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда бошқа бир фуқаро Н.М. фуқаро О.У.дан 6 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бунданг аввалроқ Озодлик радиоси “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” номли суриштирувни эълон қилган эди. Суриштирувда АҚШга Гватемала, Никарагуа ва Мексика орқали ноқонуний йўллар билан ўтмоқчи бўлган юзлаб ўзбекистонлик ва қирғизистонлик муҳожирлар тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильм қаҳрамонлари орасида кимсасиз ўрмонлар оралаб, оч-ночор тентираб, тимсоҳларга тўла сувларда ҳаётини хавфга қўйиб, қароқчилар томонидан ўғирланиб, асирликда яшаганлар бор. Мазкур фильмни Озодликнинг YouTube каналида томоша қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG