Ссылки доступа

Зиёратчиларни Умрадан олиб келмаган авиакомпания мансабдори қамоққа олинди


Ўзбекистонда фаолияти юритаётган ва асосан Умра сафарига рейсларни ташкил этиши ортидан тилга тушган “Panorama airways” хусусий авиакомпанияси мансабдори қамоққа олинди. Бу ҳақда 7 февраль куни Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Компания Саудия Арабистонидан Умра зиёратига борганларни Ўзбекистонга қайтара олмаганди. Бир неча кун аввал 3000 дан ортиқ зиёратчи уйига қайтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, Транспорт прокуратураси томонидан ўзбекистонликларни Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аммо Бош прокуратура воизи гап айнан ким ва қайси авиакомпания ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.

Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Туризм қўмитаси Panorama airways хусусий авиакомпанияси томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайта олмаётгани юзасидан баёнот берганди. Унда хизматларни сифатсиз кўрсатилганидан жабр кўрган зиёратчиларга моддий ва маънавий зарар суд қарори билан ундириб берилишини эслатиб ўтилганди.

5 февраль куни компания 2−4 февраль кунлари 3000 дан ортиқ йўловчи уйларига қайтганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG