Ссылки доступа

Ўзбекистонда яна бир блогер 5 йилга қамалди


Қашқадарё вилояти Нишон тумани судида 29 январь куни наманганлик блогер Абдуҳаким Абжалилов иши бўйича ҳукм ўқилди.

"Қашқадарё вилояти судлари" телеграм канали маълумотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган Абжалилов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Achchiq haqiqat” МЧЖ раҳбари бўлган Абжалилов, суд ҳукмига мувофиқ, ўзига нисбатан тайинланган жазони жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.

Хабарномада 49 ёшли наманганлик блогер нима учун Қашқадарё вилоятида судланганига аниқлик киритилган эмас.

Youtube тармоғида 600 мингдан зиёд обуначига эга Sirojiddin Media канали эгаси Сирожиддин Адилов Абдуҳаким Абжалилов судида иштирок этгани, судланувчининг адвокати блогернинг ноҳақ қамалгани, ҳукм юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси кирилишини билдирганини маълум қилди.

Аввалроқ Озодлик 2023 йил Ўзбекистонда авторитар раҳбар Ислом Каримов ўлимидан бери журналист ва блогерлар энг кўп ва энг узоқ муддатга қамалган йил ўлароқ тарихга киргани ҳақида мақола ёйинлаган.

Хусусан, ўтган йилнинг 28 декабрида Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирган.

13 декабрь куни эса жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг апелляция ҳайъати қуйи инстанция судининг блогер Лемара Мирзааҳмедовага нисбатан 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Ўтган йил декабрида жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан блогер Отабек Аҳлиддинов 7,1 йилга қамалган. Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги марказий поликлиникада бўлим раҳбари лавозимида ишлаган Аҳлиддинов 200 миллион сўмдан ортиқ пулни ўзлаштирганликда айбланган. Сентябрь ойида қамоққа олинган блогер дастлаб жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди ҳукми билан 5,1 йилга қамалган эди. Кейинроқ прокуратура протести асосида апелляция суди ишни қайта кўриб, унга берилган жазо муддатини 7,1 йилга узайтирган.

Яна ўтган йили YouTube тармоғидаги "Кўзгу" кўрсатуви муаллифи, журналист Абдуқодир Мўминов 7 йилга қамалган. Коррупцияга қарши чиқишлари билан танилган ва президент ҳамда оиласи мансубларининг бизнес алоқалари ҳақида гапириб келган Абдуқодир Мўминов ҳам одатий 165-модда (товламачилик), 168-модда (фирибгарлик)дан ташқари, 141-1-модда (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 189-модда (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 28, 211-модда (пора беришда иштирокчилик)да айбланган. Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.

Шунингдек, 2023 йилда KompromatUzb телеграм канали билан боғлиқ жиноят иши доирасида журналист Хуршид Далиев 7 йилга, “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов 7 йилга, фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов 3 йилга қамалган, Бандлик вазирлиги собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш билан жазоланган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани суди эса ўтган йилнинг 26 октябрь куни Инстаграм тармоғида президент Шавкат Мирзиёев ҳақида танқидий пост ёзган 19 ёшли Дилшод Искандаровни икки ярим йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Қамалган блогер, журналист ва тармоқ фойдаланувчиларини бирлаштириб турган нарса фақат уларга қўйилган айблар ва қамоқ муддатларигина эмас. Уларнинг аксари мамлакатдаги муаммолар учун ҳукуматни, шахсан президент Шавкат Мирзиёевни айблашган ва президентнинг ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган оила аъзоларини ҳам танқид қилганлар.

Ўзбекистон ўтган йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида 2022 йилгидан 4 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушган. Мамлакатда матбуот эркинлиги аҳволи “қийин” деб баҳоланган.

XS
SM
MD
LG