Ссылки доступа

Шавкат Мирзиёев Хитойга жўнаб кетди


Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23 январь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.

Президент матбуот хизматига кўра, ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, олий даражадаги ташриф 23-25 январь кунлари бўлиб ўтади ва унда Хитойнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашувлар ҳам режалаштирилган.

Бундан ташқари Мирзиёев Хитой ҳудудларидан бирига ташриф буюриб, ушбу мамлакат етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Ташриф арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайван масаласида Пекин позициясини қўллаб-қувватлаши тўғрисида баёнот тарқатган эди.

Тайванда 13 январда бўлиб ўтган президентлик сайловида Хитойдан мустақил бўлиши ва АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш тарафдори бўлган амалдаги вице-президент Лай Циндэ ғолиб бўлганди.

Шундан сўнг Хитой раҳбари Си Цзиньпин халққа қилган телемурожаатида Тайваннинг Хитой билан бирлашуви “тарихий зарурат” эканини таъкидлаган.

Сининг бу баёноти ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, Тошкент “Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.

XS
SM
MD
LG