Ссылки доступа

Турк полицияси ҳомиласини ҳожатхонага ташлаб кетгани иддао қилинган ўзбекистонлик аёлни озод қилди


Истанбул полицияси бир гуруҳ шахслар томонидан фоҳишаликка мажбур қилинган ва тўрт ойлик ҳомиласини ҳожатхонага ташлаб кетгани иддао қилинган ўзбекистонлик Мухлисахон Каримовани қўйиб юборган.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Авжилар тумани полиция маркази масъулидан олинган маълумотга таянган ҳолда маълум қилди.

Полиция нозири ҳозирда М. Каримованинг ҳаёти учун жиддий хавф туғдирадиган ҳолат йўқлигини таъкидлаган.

Аввалроқ турк нашрлари ўзбекистонлик Мухлисахон Каримова Истанбулнинг Эсенюрт туманида Юнус Эмре Д. исмли шахс ва яна бир киши ўзини фоҳишаликка мажбурлаб, паспортини олиб қўйгани ҳамда калтаклаганига оид шикоят билан Авжилар туманидаги полиция марказига шикоят қилгани ҳақида хабар қилишган. Жабрланувчи калтакланганига исбот сифатида Юнус Эмре Д. томонидан тасвирга олиниб, мессенжер гуруҳида ўртоқлашилган видеони келтирган.

Бу орада М. Каримованинг дори ичиб, 4 ойлик ҳомиласини туширгани ва Авжилар туманидаги меҳмонхоналардан бири ҳожатхонасига ташлаб кетгани айтилган. Шикоят ортидан гумонланувчилар Юнус Эмре Д. ва шериги қидирувга берилган.

Хабарларда Мухлисахон Каримованинг Ўзбекистонда бўлган пайтида интернет орқали Сўнер исмли туркиялик шахс билан танишгани, унинг аёлга фарзанд туғиб бериш эвазига уй ваъда қилгани ва шу ваъдага ишонган аёл Туркияга келгани қайд этилган. М. Каримова Туркияга келганидан кейин Сўнердан ҳомиладор бўлган, жуфтлик муайян муддат бирга яшаганидан кейин аёл босимларга чидамагани туфайли уйдан қочган.

Уйдан қочганидан кейин Истанбулнинг Фотиҳ туманида маълум вақт ишлаган М. Каримова кейинроқ Эсенюрт туманига кетган ва у ерда Юнус Эмре Д. билан танишган. Ўзбекистонлик аёл полициячиларга Юнус Эмре Д. ва шериги уни фоҳишаликка мажбурлашгани, паспортини олиб қўйишгани, туғилажак фарзандини сотмоқчи бўлишгани, ҳомила тушганини билишганидан кейин эса уни калтаклашганини айтиб берган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси 18 январь куни тарқатилган хабарномасида айни пайтда Мухлисахон Каримованинг "хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга, жиноятчиларни топиб жазога тортиш мақсадида Турк томони билан тизимли ишлар" олиб борилаётганини билдирган.

XS
SM
MD
LG