Ссылки доступа

Туркманистонда «Бахти Ташкентский» шериги қўлга олинди


«Бахти Ташкентский» сифатида танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг шерикларидан бири Туркманистонда қўлга олинди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Ўзбекистонда жиноий гуруҳлар аъзоларини қўлга олиш бўйича оммавий рейдлар 2023 йил декабр ойида бошланди. Жумладан, 3 декабр куни «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган «қонунга беписанд ўғри» Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг жиноий гуруҳи аъзолари қўлга олинди.

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, ҳибслар бошланганидан сўнг, Ўзбекистон махсус хизматлари туркманистонлик ҳамкасбларига жиноий гуруҳ аъзоларидан бири 7 декабр куни Туркманистон билан чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, қочишга муваффақ бўлгани ҳақида тезкор маълумот берган. Қайд қилинишича, гумондор эркак «Бахти Ташкентский» шерикларидан бири Наргиза Жуманиёзованинг Туркманистонда яшовчи опаси Бибижон Жуманиёзова уйида ушланган. У 9 декабр куни қўлга олинган ва «Шовот» чегара пунктида Ўзбекистонга топширилган. Унинг исми-шарифи хабарда келтирилмаган.

Шу билан бирга, Бибижон Жуманиёзова уйидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 12 қути дори воситалари топилгани, унга нисбатан контрабанда моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани таъкидланмоқда.

Аввалроқ “Бахти Ташкентский”нинг ўғли 27 ёшли Ихтиёр Қудратуллаев ҳам товламачиликда айбланиб қўлга олингани ҳақида хабар берилган.

52 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йил 29 ноябрда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган эди.

3 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ Бахтиёр Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш)да ҳам гумонланаётганини билдирганди.

Ўзбекистонда 2 декабрдан бошлаб “жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтаётгани” расман маълум қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, шу кунгача мазкур тадбир доирасида юздан ортиқ киши процессуал тартибда ушланган, улардан 52 нафари ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG