Ссылки доступа

Сардор Кариев терговда унга руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилганини айтди


Тошкент шаҳар судида 10 январь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Дастлаб судлов ҳайъати томонидан 23 нафар судланувчининг шахсига аниқлик киритилди. Прокурор қўшимча айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Судья Мусо Юсупов судланувчилардан айблов тушунарли бўлган-бўлмагани ва айбига иқрор-иқрор эмаслигини сўради.

Судланувчиларнинг барчаси айблов тушунарли бўлганини маълум қилиб, улардан 16 нафари ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловга умуман иқрор эмаслиги, 6 нафари қисман иқрорлиги, бир нафари эса айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди.

Сўнг судланувчилар айблов бўйича бирма-бир кўрсатма берди, адвокатлар, судья ва бошқа судланувчилар ўртасида ўзаро савол-жавоблар бўлди. Хусусан, судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ўз кўрсатмасида тергов жараёнида унга нисбатан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилганини айтиб ўтди.

Аввалр хабар қилинишича, Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан ўлган болалар сони расман 69 нафарга етди. Тошкентда 5 январда ўтган судда, шу кунгача “Док-1 Макс” сиропидан яна камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани очиқланди.

Бунга қадар ўлган болалар сони 65 нафар дейилган, ногиронлик ҳақида айтилмаганди. Жамоатчилик асл рақам бундан кўп бўлиши мумкинлигини айтиб келади.

Ёш болаларнинг “Док-1 Макс”дан ойлар давомида заҳарланиб, ойлар давомида вафот этиши - Ўзбекистонда охирги йилларда фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик инқирозга сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG