Ссылки доступа

Ўзбекистонда поездлар чипталари 20 январдан яна қимматлайди


«Ўзбекистон темир йўллари» 20 январдан ички қатновдаги «Афросиёб», «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездларнинг чипта нархлари 20 фоизга қимматлашини маълум қилди.

Ширкат «Афросиёб» электропоездлари билетлари нархлари тўғрисидаги маълумотни келтирган.

Унга кўра, бир томон учун чипталар нархи қуйидагича белгиланмоқда:Тошкент — Бухоро — Тошкент: VIP — 636 минг сўм (ҳозир — 530 минг сўм); бизнес — 462 минг сўм (385 минг); эконом — 336 минг сўм (280 минг).

Тошкент — Қарши — Тошкент: VIP — 534 минг сўм (455 минг);
бизнес — 390 минг сўм (325 минг); эконом — 282 минг сўм (235 минг).

Тошкент — Самарқанд — Тошкент: VIP 396 минг сўм (330 минг);
бизнес 276 минг сўм (230 минг); эконом 204 минг сўм (170 минг).

Ширкатнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги идоралараро тариф комиссияси бу қарорни темирйўл инфратузилмасини ислоҳ қилиш, электр энергияси, ёнилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш мақсадида қабул қилди.

Ўзбекистонда сўнгги марта бундан икки ой олдин поездларнинг чипта нархи 44 фоиздан 60 фоизгача оширилган эди.

Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг 25 сентябрида темир йўл тизимидаги камчиликларни кескин танқид қилган ва орадан икки ҳафта ўтиб ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилишга оид янги қарорни имзолаганди.

Қарорга асосан “қарзга ботган “Ўзбекистон темир йўллари” реструктуризация доирасида еттита ширкатга” бўлиб ташланади.

Президент қарорида ширкатнинг жами қарзи қанчалиги очиқланган эмас, бироқ қарзларни тўлаш муддати яна 5 йилга узайтирилди ва 150 миллион долларлик янги кредит ажратилди.

XS
SM
MD
LG