Ссылки доступа

Японияда зилзила қурбонлари сони 84 кишига етди


Японияда 1 январда юз берган зилзила оқибатида ўлганлар сони камида 84 кишига етди. Бу ҳақда Япония бош вазири Фумио Кисида маълум қилди.

“Вайроналар остида қолган кўп одамлар ҳозирда қутқарувчиларни илҳақ бўлиб кутиб турибди”, - деди бош вазир.

Кисида зилзила юз берган ҳудудларда 3 январда 2 мингга яқин қутқарувчи ишлаганини, 4 январда эса уларнинг сони 4,5 мингга етганини таъкидлади.

Унга кўра, қутқарувчилар аҳолига гуманитар ёрдам етказиб бериш билан ҳам шуғулланмоқда. Ер қимирлаган ҳудудлардаги аҳоли ичимлик суви ва бошқа ҳаёт учун зарур бўлган маҳсулотларга эҳтиёж сезмоқда.

1 январда мамлакатнинг марказий ва ғарбий соҳил бўйи вилоятларида 7,6 балли зилзила юз берган эди. Табиий офат оқибатида уйлар вайрон бўлган ва ўн минглаб хонадон электр таъминотидан узилиб қолган. Зилзила ёнғинларни ҳам келтириб чиқарган. Айрим шаҳарларда темир йўл қатнови тўхтаган, зилзила эпицентри – Ното яриморолида аэропорт ҳам ёпилган.

XS
SM
MD
LG