Ссылки доступа

Иссиқхоналарни совуқ урди - тадбиркорлар зарарни ҳисобламоқда, аммо фойдаси йўқ


Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказда мева-сабзавот бозорини ўрганувчи EastFruit халқаро ахборот-таҳлилий порталининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукуматининг иссиқхоналарни газдан узиб қўйиш қарори мамлакатда бутун-бошли иссиқхона саноатини хавф остида қолдирган.

Нашрга кўра, миллионлаб доллар кредит олган ўзбек тадбиркорлари қийин аҳволда қолган ва газ арзон бўлган Туркманистон ҳамда Россиядаги рақобатчиларга бозорни бой бермоқда. Нашр экспертлари аҳолининг газ ва электрга эҳтиёжини қоплай олмаётган ўзбек ҳукуматининг иссиқхоналарни "тоза кўмир"га ўтказиш қарорини "ёмон ечим" деб баҳолашган.

Бу йил қиш мавсумида электр ва газ таъминоти муаммо бўлмаслигини ваъда қилган ҳукумат мавсум бошидаёқ кўплаб бизнесларни энергиядан узиб қўйди.

12-20 декабрь кунлари ҳавонинг совиб кетиши ортидан газ босимининг пасайиши ва электрнинг огоҳлантирмасдан ўчирилиши оқибатида кўплаб иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг, қалампир каби экинларни совуқ урди. Тадбиркорлар кўрган зарарнинг миқдори борасида ҳозирча расмий ҳисоб-китоблар йўқ.

Бухоро вилоят, Бухоро туманидаги “Dilbek Davlat” МЧЖ раҳбари Дадахон Аҳматов ҳам 1 гектар иссиқхонасида етилиб қолган 80 тонна помидорларидан бир кечанинг ўзида ажралиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Дадахон Аҳматов ўтган қиш ва баҳорда иссиқхонасидаги помидорларга касаллик тушгани туфайли маҳсулотини сотолмаган ва газдан қарздор бўлиб қолган. Форс-мажор ҳолат бўлганини Савдо-саноат палатаси тасдиқлаган бўлса ҳам, унга газ берилмаган.

Тадбиркор иссиқхона қозонларини солярка билан ишлатиб келган. Аммо 12 декабрь куни электр энергиясининг бирданига узилиб қолиши оқибатида қозонхона ишдан тўхтаган унинг бор ҳосили нобуд бўлган:

Тадбиркор бу йилги ҳосилни сотиб, газдан қарзини узмоқчи ва олдиндан ҳам тўлов қилмоқчи эди, аммо ҳозир унда ҳеч нарса қолмади. Қайтадан кўчат экиб ишга киришса ҳам бўлади, лекин иссиқхона қозонларини солярка билан иситиш уч баравар қимматга тушади.

Бу томондан эса банк кредитларни қайтар деб босим қиляпти.

Дадахон Аҳматов бундай боши берк кўчага кириб қолган биргина тадбиркор эмас.

Бухоро вилоят, Ромитан туманидаги “Dirilling elektroservis” МЧЖ раҳбари Гулшан Сафарованинг иссиқхонасидаги помидор энди туга бошлаган ва январь ойининг охирига етилиши керак эди. Аммо 12 декабрь куни кечаси газ босимининг бирдан пасайиб кетиши ва электр токининг ўчиб қолиши натижасида саккиз мингдан ортиқ кўчатни совуқ урди.

Гулшан Сафарованинг айтишича, гарчи президент қарори билан иссиқхонаси бор тадбиркорларга айланма маблағ кредитлари бериш кўзда тутилган бўлса-да, аммо бу маблағлар уларгача етиб келмаяпти.

Тадбиркорларнинг айтишича, уларнинг ҳимояланмаган энг заиф томонларидан бири, суғурта тизимининг ишламаслиги.

Декабрь ойидаги совуқда ҳосили нобуд бўлган тадбиркорлар суғурта компанияларидан ҳеч нарса ундириб ололмаяпти.

Бухоро туманидан тадбиркор Жўрабек Давроновнинг ҳам қарийб 2 гектар майдондаги ҳосилини совуқ урган. Бир миллиард сўмдан ортиқ зарар кўрган тадбиркор бунга электрнинг узиб қўйилиши сабаб бўлган демоқда.

Ўтган йил ҳам тадбиркор электр токининг беш соат давомида огоҳлантиришсиз ўчириб қўйилиши оқибатида катта зарар кўрган ва электр тармоқлари идораси устидан судга даъво аризаси киритган.

Тадбиркорнинг айтишича, унинг аризаси Олий Судда кўрилмай ётибди.

Тадбиркор суғурта компаниясига зарарни қоплаб бериш ҳақида ариза киритгани, лекин компания унинг талабини рад этганини айтади.

Тадбиркорларнинг айтишларича, 99 фоиз таваккал билан ишлаётган иссиқхоначиларга ҳеч қандай ҳимоя чизиғи йўқ. Улар жуда ҳам катта масъулиятни бўйинларига олиб таваккал қилишади.

Электр токи ёки газнинг ўчиб қолгани учун зарарни бу корхоналардан ундириб олган тадбиркорни топиш қийин. Ёки ўсимликларга бирор хил касаллик тушиб ҳосили нобуд бўлса ҳам, форс-мажор ҳолатлари ҳисобга олинмайди.

Иссиқхона бизнесининг келажаги ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

East Fruit га кўра, Ўзбекистонда тажриба ва савдо алоқалари бор, лекин газ нархининг юқорилиги ва рақобат, муаммоларни келтириб чиқаради.

Жаҳон банки энергетика соҳасида чиқиндиларни камайтириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 46,2 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.

ЖБ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, мазкур грант Ўзбекистон ҳукуматига атмосферага иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга ёрдам беради ҳамда халқаро углерод бозорларига кириш учун имкон яратади.

Аммо берилаётган грантларга қарамасдан ўзбек ҳукумати ҳануз иссиқхоначиларни кўмирга ўтказиш талабидан воз кечгани йўқ.

XS
SM
MD
LG