Ссылки доступа

ЖСТ: Ғазо шимолида ишлаётган касалхоналар қолмади


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) Ғазо бўлгасининг шимолий қисмида барча касалхоналар ёпилиб қолганини билдирди. Расман билдирилишича, Ғазо бўлгасидаги 36 та касалхонадан фақат 9 таси қисман ишламоқда. Бу касалхоналар Ғазо жанубида жойлашган.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ричард Пиперкорн Ғазо шимолидаги касалхоналарда ёнилғи, электр, дори-дармонлар йўқлиги ва мутахассислар етишмаслиги оқибатида жарроҳлик амалиётларини ўтказиш тўхтатилганини маълум қилди.

Унга кўра, Ал Аҳли касалхонасида қуйи тоифадаги врачлар ва ҳамширалардан иборат ўнга яқин ходим қолган. Улар касалхонадан бошпана топган 80 га яқин кишига базавий тиббий хизмат кўрсатмоқда.

“Улардан айримлари оғир жароҳатланган ва икки ҳафта мобайнида операция қилинишини кутган. Айримлари операция қилинган, аммо ҳозир антибиотиклар ва бошқа дориларнинг йўқлиги ортидан инфекцияга чалинишлари мумкин. Бу беморлар мустақил ҳаракатлана олмайди ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бошқа жойга зудликда кўчирилиши шарт”,- деди БМТ вакили.

БМТнинг билдиришича, Ғазо аҳолиси озиқ-овқат етишмовчилиги шароитида яшамоқда. БМТ ҳисоботида Ғазо аҳолисининг 26 фоизи, яъни 576 минг киши ўз озиқ-овқат захираларини тугатган ва ҳозирда оч қолмоқда.

XS
SM
MD
LG