Ссылки доступа

Европага газ сотишни қисқартирган “Газпром” умиди Ўзбекистондан эканини билдирди


“Газпром” Ғарб санкциялари оқибатида Европага 2023 йилнинг 11 ойида сота олмаган 34 миллиард куб метр газ харидори Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон бўлиши мумкинлигидан умид қилмоқда.

“Жаҳон энергетика бозорида мавжуд ўзгаришлар шароитида “Газпром” газни Россия истеъмолчиларига ишончли равишда етказиб бериш ва экспорт потенциалини ривожлантириш йўналишидаги фаолиятида давом этмоқда. Ширкатнинг бу йўналишдаги муҳим фаолияти Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ҳамкорликни мустаҳамлаши бўлди”,- дейилади “Газпром” баёнотида.

Расман билдиришича, 2023 йилнинг 11 ойида “Газпром” томонидан Европага экспорт қилинаётган газ ҳажми 34 миллиард куб метрга камайган ва 1996 йил даражасига етган.

Бундан аввалроқ Озодлик радиоси Ўзбекистон энергетика вазирлиги “Газпром” билан газ сотиб олиш бўйича яна 15 йиллик келишувга эришганини маълум қилгани ҳақида хабар берганди. Янги қувур қурилишини назарда тутувчи ушбу келишув Қозоғистонни ҳам ўз ичига олади.

Октябрда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш бошлангани хабар қилинганди. Аммо шу кунгача мазкур келишув тафсилотлари сирлигича қолмоқда.

Ноябрда “Газпром” “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувурлари тизимини кенгайтиришни режалаштираётгани тўғрисида Москвадаги “Известия” нашрига ширкат раҳбари Алексей Миллер маълум қилган эди.

Миллер бу борадаги меморандумлар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан имзоланганини қайд этган. Унга кўра, лойиҳа мазкур газ қувурлари тизимига “янги ҳаёт бағишлайди”.

Совет даврида “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувурлари орқали минтақа давлатларидан Россияга газ юборилган. СССР тарқалиб кетганидан сўнг қувур тўхтаб қолгани ва таъмирга мухтож аҳволга келгани айтилади. Эндиликда мазкур қувурлар тизимини Россиядан Марказий Осиёга газ етказиб беришга мослаштириш зарур.

Миллер “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувурларини таъмирлаш жараёнининг биринчи босқичи якунланганини ва бунинг натижасида Ўзбекистонга Қозоғистон орқали газ етказиб берилаётганини айтган.

Расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шартномага асосан, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.

Ўзбекистон энергетика вазирлиги ҳам 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини маълум қилган эди. Вазирликка кўра, бу “газга бўлган эҳтиёжни қисман қоплайди”.

Аммо шу кунгача Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари газ нархи ҳақида маълумот бермаган. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан сотиб олинаётган газ нархи бўйича жамоатчиликка маълумот берилмаслигини ва газ нархи сир сақланишини айтган. Вазирга кўра, “миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нарх белгиланган”.

XS
SM
MD
LG