Вазирнинг билдиришича, имзоланган стратегик шартномага асосан Франция ширкати Навоий вилояти Томди туманидаги иккита ҳудудда геология-қидирув ишларини олиб бормоқда. 2023 йил охиригача лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Бобур Исломов Ўзбекистон қазиб олинаётган уранни “нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиши”ни таъкидлаган.
Хабарда айтилишича, Orano 2022 йил ноябрида Геология давлат қўмитаси ва “Навоийуран” билан уран қазиб олиш ва қайта ишлашни кенгайтириш бўйича уч томонлама шартномани имзолаган. Шартнома асосида Желгенди уран конини ўзлаштириш учун Nurlikum Mining қўшма корхонаси ташкил этилган. Унинг 51 фоизи Orano ширкатига, 49 фоизи “Навоийуран”га тегишли.
Франция президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Самарқандда 2 ноябрь куни музокаралар ўтказган эди. Мазкур сафар арафасида иқтисодий соҳага ихтисослашган Bloomberg агентлиги Франция президентининг 1 ноябрда Қозоғистонга ва 2 ноябрда Ўзбекистонга қиладиган сафарини шарҳлар экан, “Париж табиий захираларга бой Қозоғистон билан тиғизроқ ҳамкорликни истайди. Шунинг учун ҳам Эммануэль Макрон шу ҳафтада энергетика захираларига бой Ўрта Осиёга йўл олади, уран билан мамлакат ядровий реакторларини таъминлайдиган Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади”, деб ёзганди.
Агентликнинг Франция президенти нуқтаи назари билан таниш бўлган икки манбага таяниб ёзишича, сафардан асосий мақсад Франция энергетик хавфсизлигини кучайтиришдир.
Франция Иқтисодиёт вазирлигининг билдиришича, ўтган йили Қозоғистон Францияга уран етказиб берувчи йирик давлатга айланган. Бундан ташқари Қозоғистон Францияга нефть етказувчи давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган. 2021 йилда Қозоғистон Францияга нефть етказиб берувчи давлатлар рўйхатининг биринчи поғонасида эди.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Франциянинг уран бўйича асосий таъминотчиси ҳисобланади. Москвада нашр этиладиган "Коммерсантъ" нашри 2022 йилда Ўзбекистон Европага уран экспортини деярли уч баробарга оширгани ва 441 тонна уран сотгани ҳақида хабар берган эди.
Франциянинг Orano ширкати Навоий вилоятида уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритиши ҳақида Spot нашрига Самарқандда ўтган Верона Евроосиё иқтисодий форумида иштирок этган тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов маълум қилган.