Ссылки доступа

Хоразмлик педофиллар суд залидан қамоққа олинди


Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) билан айбланган Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва вилоятнинг Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи Анвар Курязовларни суд залидан қамоққа олди.

Ойбек Машарипов 3 йилга, Анвар Курязов 2 йилга озодликдан маҳрум этилди ва уларга шу пайтга қадар белгиланган эҳтиёт чораси бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди тарқатган расмий хабарда ҳам жиноят ишининг ЖПКнинг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилгани айтилади.

Олий суд матбуот хизмати хабарида: “Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмининг А. М. ва А. Қ. га оид қисми бекор қилиниб, судланувчилар А. М. ва А. Қ. Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди” дейилади.

Мазкур жиноят иши жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани ортидан 3 ноябрь куни соат 16.00 да Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мажлислар залида брифинг ўтказилади.

Жабрланувчиларнинг адвокати М. Эшонқуловга кўра, судланувчиларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси (Номусга тегиш) аломатлари мавжудлиги ҳақида суд ажрими ҳам мавжуд эди. Бироқ тергов органи негадир бу модда билан жиноят иши қўзғатишни рад қилган.

3 ноябрь кунги суд мажлисига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова ҳамда бир қанча оммавий ахборот воситалари вакиллари келишди.

19 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати Хоразмда содир этилган педофилия жинояти бўйича суд муҳокамаларини қайта бошлаган эди.

Шу йилнинг августида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати жиноят ишини қўшимча айбловлар билан тўлдириш ва тергов қилиш учун бир ой муддатга Хоразм вилояти прокуратурасига юборганди.

Адвокатларга кўра, гўё жарбланувчиларнинг адвокати қизларга ўзларига нисбатан жинсий зўравонлик бўлгани ҳақидаги ёлғон кўрсатмаларни ўргатган ва аввалги суд мажлисларида етимхона тарбияланувчилари шунинг учун ҳам ўзларига нисбатан жинсий зўравонлик бўлганини таъкидлашган. Адвокатларга кўра, аслида жиноят ишида жинсий зўравонлик йўқ.

Ҳолбуки, апелляция инстанция суди шу йилнинг июнь-июль ойидаги эшитувларида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий тажовуз аломатлари борлигини, мазкур ҳаракатлар қайта терговларда ўрганилиши лозимлигини таъкидлаб, ажрим чиқарганди.

Мазкур иш тафсилотлари жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан Олий суд ва Бош прокуратура судланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинганини маълум қилган эди.

Бироқ жабрланувчи қизларнинг айтишича, бу гапларнинг барчаси ёлғон, судланувчилар бирор кун ҳам қамоққа олинмаган. Жабрланувчилар давлат идоралари жамоатчиликнинг овозини ўчириш учун ёлғон хабар тарқатганини иддао қилмоқда.

Nemolchi.uz лойиҳасига кўра, Урганч шаҳридаги Меҳрибонлик уйи мудираси уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) «моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган».

"Масалан, 2021 йилнинг майида мудира ҳали 16 ёшга тўлмаган Р. ни танишларидан бири билан ётишга мажбурлаган. Қиз буни истамасдан, қаршилик кўрсатган, шунда мудира ошхонадан ўқловни олиб келиб, қизнинг вояга етмаган укасини бошқалар кўз ўнгида калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдирган аёл кейинчалик уни ўзи буюрган барча эркаклар билан ётишга мажбурлаган", деб ёзганди Nemolchi.uz.

"Бу каби воқеалар қайта-қайта такрорланган… 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармасининг хизмат квартирасидан идора бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқалари платформаси сифатида фойдаланилган", дея таъкидланади материалда.

Хоразм вилоят Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ҳам Меҳрибонлик уйи мудирасининг муаммоларини ҳал этишга ваъда берган. Айтилишича, май бошида у ҳомийлик ёрдами сифатида диван, шкаф, ошхона столи совға қилган, болаларга турли ширинликлар тарқатган.

"2021 йил июнда эса ёрдами эвазига жинсий алоқа учун қиз талаб қилган ва юқоридаги 17 ёшли Р. билан Меҳрибонлик уйи ётоқхонасида ётган. Июнь охирида у болалар уйи мудирасига 200 минг сўм бериб, яна қиз билан ётган. Шундан кейин Меҳрибонлик уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар олиб келиб, 15 ёшли А.ни жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қизлар бир неча бор ушбу эркак билан жинсий алоқага мажбурланган, учрашувлар Меҳрибонлик уйларининг ўзида ва бошқа жойларда ташкиллаштирилган", - дейилади Nemolchi.uz хабарида.

2022 йилнинг сентябрь ойида мазкур ҳолатларга нисбатан дастлабки инстанция суди Хива туманида кўриб чиқилганди ва Меҳрибонлик уйи мудираси Юлдуз Худойбергенова ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари эса ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан 1,5 йилга озодликдан чекланган. Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси 2022 йил декабрда ҳукмни кучда қолдирган эди.

XS
SM
MD
LG