Ссылки доступа

Ўзбекистонликлар АҚШга ноқонуний кириш бўйича давлатлар учлигига кирди


Ўзбекистон фуқаролари сўнгги икки йил ичида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтувчилар орасида учинчи ўринда қайд этилди. Бу ҳақда Fox News телеканали эълон қилган статистикада сўз боради.

Телеканал ушбу рўйхатни Қўшма Штатлар чегара хизмати маълумотларига асосланиб тақдим этган. Статистика, шунингдек, Вашингтон нуқтаи назаридан АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шубҳали мамлакатлар асосида ҳам шакллантирилган.

Унга кўра, охирги икки йил давомида 13 624 нафар ўзбекистонлик АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган.

Америкага ноқонуний йўллар билан киришга уринаётган фуқаролари сони бўйича Туркия пешқадамлик қилмоқда – 30 830 нафар. Ундан кейинги ўринларда эса Мавритания (15 594), Ўзбекистон, Миср ва Покистон бормоқда.

Маълумот ўрнида, ўзбекистонлик муҳожирлар АҚШга энг машҳур йўллардан бири Мексика орқали боради. Улар “Ўзбекистон – Туркия (Испания) – Боливия – Колумбия – Мексика – АҚШ” йўналиши бўйича Қўшма Штатларга йўл олади.

30 августда Президент Байден маъмурияти Ўзбекистондан АҚШга одамларни ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган тармоқ фаолиятига чек қўйганини маълум қилганди. Қўшма Штатлар расмийларига кўра, тармоқнинг камида бир аъзоси хорижий террорчи гуруҳ билан алоқада бўлган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши сўзчиси Эдриенн Уотсон ”контрабандачилардан кўмак олган муҳожирлар тезда депортация қилинади ва тўлиқ текширилади”, деб билдирган.

2022 йилда АҚШ божхона ва чегара қўриқлаш хизмати АҚШ чегараларида 3200 га яқин ўзбекистонликни аниқлаган, бир йил аввал бу кўрсаткич 700 дан кам эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 30 август куни Интерпол қидирувидаги эркак Никарагуадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини билдирди.

XS
SM
MD
LG