Ссылки доступа

Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан айблов хулосаси судга топширилди


Швейцария Бош прокуратураси 28 сентябрь куни мамлакат федерал жиноят судига Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва унинг шеригига нисбатан айблов хулосасини киритди.

Прокуратура, шунингдек, Гулнора Каримовага алоқадор музлатиб қўйилган 440 млн Швейцария франкидан ортиқ активларни мусодара қилиш бўйича ҳам сўров киритган.

Айбланувчилар турли мамлакатларда, хусусан, Швейцарияда фаолият олиб борган жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этгани айтилмоқда. Айбловлар ичида 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш, пул ювиш, хорижий давлат амалдорлари сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бор.

Айблов хулосасига кўра, камида 2001 йилдан 2013 йилгача Гулнора Каримова The Office номи билан танилган бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган иерархик жиноий ташкилот тузган ва унга раҳбарлик қилган. Ташкилот Швейцариядаги фаолиятини 2005 йилда, жиноий операцияларидан келиб тушган капитални Швейцариядаги банк ҳисоблари ва сейфларидаги яшириш ва кўчмас мулк сотиб олиш учун бошлаган.

Швейцария Бош прокуратураси 2012 йилнинг июль ойида Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчисига нисбатан ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювиш бўйича, Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси собиқ бош директорига нисбатан эса пул ювиш бўйича жиноий иш очган.

2018−2021 йиллардаги тергов доирасида тўрт нафар шахс пул ювиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Ўшанда 340 миллион франкдан ортиқ маблағ Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилинган. Айни вақтда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчига қарши иш юзасидан 440 миллион франкдан ортиқ мол-мулк олиб қўйилган.

Айблов хулосасига кўра, The Office ўзининг жиноий фаолиятини профессионал бизнес сифатида, мажбурий қоидаларга ва вазифаларнинг қатъий тақсимланишига риоя қилган ҳолда, шу билан бирга зўравонлик ва қўрқитиш усулларини қўллаб амалга оширгани айтилади. Текширувлар бутун тузилманинг яширин бўлишини кафолатлаш учун ташкил этилган ва фойдаланилган юзлаб компаниялар билан боғлиқликларни аниқлаган. Бу компаниялар турли юрисдикцияларда, хусусан, Швейцарияда банк ҳисобларига эга бўлган.

Айблов хулосасига кўра, ўша пайтда ушбу соҳага кириш ва унда фаолият юритишни хоҳловчи хорижий компаниялар ўзларига керакли қарорга эришиш учун Гулнора Каримовага The Office компаниялари орқали пора беришлари талаб қилинган. Шу тариқа Гулнора Каримова компанияларнинг телекоммуникация соҳасига кириши ва фаолиятига рухсат олишида давлат амалдорларига чексиз таъсир кўрсатиш имконини берган президентнинг қизи ва ўзбек давлат амалдори сифатидаги икки томонлама мақомидан фойдаланган.

Швейцарияда олиб борилган текширувлар натижасида банк активлари ва кўчмас мулк, шунингдек, банк сейфларига қўйилган нақд пул ва қимматбаҳо нарсалардан иборат умумий қиймати 780 млн франк эквивалентига тенг активлар музлатиб қўйилди.

Мазкур иш бўйича Швеция, Франция, Норвегия, Нидерландия, АҚШ ва Буюк Британияда бир нечта жиноий иш қўзғатилган. The Office`нинг мавжудлиги ва ушбу жиноий ташкилот томонидан содир этилган кўплаб жиноятлар Швейцарияда ва хорижда чиқарилган бир нечта суд қарорларида тасдиқланган.

Бундан ташқари, Швейцария бош прокуратураси ўзаро ёрдам бўйича 19 мамлакатга ушбу жараёнлар билан боғлиқ кўплаб сўровлар юборган ва қабул қилган.

Швейцария Бош прокуратураси, шунингдек, умумий қиймати 440 миллион франкдан ортиқ бўлган активларни мусодара қилиш бўйича сўров ҳам киритган.

XS
SM
MD
LG