Ссылки доступа

“Юнистрим” Ўзбекистонда фаолияти тўхтатилганини рад этди


“Юнистрим” Ўзбекистонга пул жўнатмаларини ўтказишда давом этмоқда ва UzCard ҳамда HUMO карталарига пул ўтказиш лимитини оширди, деб хабар берди ТАСС тўлов тизими матбуот хизматига таянган ҳолда.

Хабарда айтилишича, “Юнистрим” июль ойидан бошлаб UzCard ва HUMO карталарига бир марталик транзакция миқдорини ошириб, бир киши учун 16 499 988 сўм қилиб белгилаган. Мазкур карталарга бир ойда бир киши ўтказиш мумкин бўлган пул миқдори 164 999 999 сўм даражасига етказилган.

“Юнистрим” бундан буён жўнатмалар фақат рублда ўтказилишини ва Ўзбекистонда у миллий валюта – сўмда берилишини билдирди.

Аввалроқ Россиянинг “Юнистрим” тўлов тизимига 20 июлда АҚШ санкциялар киритилгач, Ўзбекистондаги камида бешта банк у билан ишлашни тўхтатгани маълум қилинган эди.

21 июль куни “Ипотека-банк”, 24 июль куни “Халқ банки”, “Трастбанк”, 25 июль куни “Туронбанк” ва “Ҳамкорбанк” “Юнистрим” билан ишлашни вақтинча тўхтатганини билдирган.

Шу билан бирга, банклар 25 июлдан бошлаб Россия тизими орқали пул ўтказмалари ва тўловлар фақат миллий валютада амалга оширилишини қайд этган.

2022 йил 25 июлдан бошлаб “Капиталбанк” “шубҳали транзаксиялар” туфайли “Контакт”, “Золотая Корона” ва “Юнистрим” орқали пул ўтказмаларига хизмат кўрсатишни тўхтатганди. Бундан олдинроқ, ўтган йилнинг февраль ойидан бошлаб, “Ипак йўли” банки томонидан “техник сабабларга кўра” “Юнистрим” орқали тўловлар тўхтатилган эди. Тизимнинг қайта тикланиши ҳақида хабар берилмаган.

XS
SM
MD
LG