Ссылки доступа

Россия газининг Ўзбекистонга транзити октябрдан бошланади


Ўзбекистонга Россия гази 2023 йилнинг октябридан бошлаб “Марказий Осиё – Марказ” қувури орқали транзит қилинади. Бу ҳақда “Қазақгаз” ширкатига таянган ҳолда Kazinform хабар берди.

Хабарда билдирилишича, шу кунда қувурнинг Қозоғистондан ўтувчи қисмида тайёргарлик ишлари қизғин равишда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати куз-қиш мавсумида ҳар йили кузатиладиган энергетик инқирозга барҳам бериш мақсадида Россиядан газ сотиб олиш ниятини билдирган эди. Энергетика вазирлиги 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини маълум қилган эди. Вазирликка кўра, бу “газга бўлган эҳтиёжни қисман қоплайди”.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан сотиб олинаётган газ нархи бўйича жамоатчиликка маълумот берилмаслигини ва газ нархи сир сақланишини айтган. Вазирга кўра, “миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нарх белгиланган”.

Айни пайтда Ўзбекистон 2023 йилнинг биринчи ярмида Хитойга газ экспорт қилувчи мамлакатлар орасида бешинчи ўринни эгаллаган. Хитой Божхона бош бошқармасининг билдиришича, Ўзбекистон Хитойга 203 миллион 900 минг долларлик табиий газ экспорт қилган.

Йил бошидан буён ХХРга Туркманистон 5,06 миллиард долларлик, Россия 3,4 миллиард долларлик, Мьянма 737,9 миллион долларлик, Қозоғистон эса 448,7 миллион долларлик газ сотган.

Ўзбекистон расмийлари 2022 йилнинг декабрида мамлакат ичкарисида кузатилаётган танқислик туфайли Хитойга газ экспорти тўхтатилгани ҳақида билдирган эдилар. Ўзбекистон шу йилнинг апрель ойидан Хитойга газ экспортини тиклаган.

Озодлик радиоси ҳар йилгидек 2022 йилда ҳам Ўзбекистонда энергетик инқироз кузатилгани тўғрисида хабарлар берган.

XS
SM
MD
LG