Ссылки доступа

Расман: Минимал истеъмол харажатлари қиймати 568 минг сўм миқдорида белгиланди


Ўзбекистонда 2023 йил учун минимал истеъмол харажатлари қиймати бир киши учун 568 минг сўм миқдорида белгиланди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Ўзбекистонда илк маротаба минимал истеъмол ҳаражатлари қиймати 2021 йилнинг майида ҳисоблаб чиқилган ва 440 минг сўмни ташкил этганди.

2022 йилда бу кўрсаткич инфляцияга мос равишда 13,2 фоизга оширилган ва пул миқдорида 498 минг сўмга етказилганди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2021 йилнинг 31 майида илк бор истеъмол ҳаражатлари қиймати ҳисоблаб чиқилганини эълон қилар экан, жон бошига 2200 ккал миқдоридаги кунлик озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар эътиборга олинганини билдирган эди.

Минимал истеъмол харажатлари қийматидан камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланилади. Яъни 2023 йилда бир киши учун ойига 568 минг сўмдан кам даромад топадиган оила қашшоқ ҳисобланади.

Бундан ташқари минимал истеъмол харажатлари қиймати пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдори, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмаклар миқдорини белгилашда мезон сифатида ишлатилади.

XS
SM
MD
LG