Ссылки доступа

Расман: Трансафғон темир йўли бўйича якуний музокара бошланди


Тошкентда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон расмийлари трансафғон темир йўлини қуриш бўйича музокараларнинг якуний босқичини ўтказмоқда. Бу ҳада “Ўзбекистон темир йўллари” маълум қилди.

Томонлар лойиҳани молиялаштириш механизмлари, қурилиш масалалари, техник тафсилотлар ва амалга ошириш муддатларини муҳокама қилмоқда.

Мазкур темир йўлни қуриш лойиҳаси 2018 йилда эълон қилинган, қурилиш эса 2021 йилнинг сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Бироқ 2021 йилнинг 15 август куни Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгани ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.

2022 йилнинг 18 июлидан Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон “Термиз-Пешовар” трансафғон темир йўли қурилиши юзасидан амалий ишларни бошлагани хабар қилинган эди.

“Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” йўналиши бўйича қуриладиган мазкур темир йўл лойиҳасининг таҳминий қиймати ўшанда 5 миллиард доллар экани билдирилганди. Бироқ 2022 йилнинг декабрида Покистон Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа лойиҳанинг янги муҳтамал қиймати 8,2 миллиард долларга баҳоланаётгани тўғрисида баёнот берди.

Деярли 600 километрли мазкур темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етиши мумкин.

XS
SM
MD
LG